Наманган шаҳрида автобус эшигига қисилиб қолиб, ерга йиқилган йўловчи вафот этди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, 10 февраль куни соат 09:10 ларда Наманган шаҳар, «Сардоба» МФЙ, Навоий кўчасида Isuzu русумли автобусни йўл варақаси билан бошқариб кетаётган ҳайдовчи Навоий кўчасида жойлашган бекат олдида йўловчиларни олиб, автобус эшигини ёпмай, ҳаракатни давом эттирган.
Эшикларни ёпган вақтида орқа эшикда турган йўловчи эшикка қисилиб қолиб, ерга йиқилган. Оқибатда йўловчи оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт бошқариш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан аввал Тошкентда автобуслар иштирокидаги ЙТҲлар сўнгги 10 йил ичида тўрт баробарга камайгани, MAN ва Isuzu йўловчи автобуслари тўқнашгани ҳамда Самарқандда автобус ва такси ҳайдовчилари ўртасида жанжал келиб чиққани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)