Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўзининг 39 ёшли ўғли Сардор Бердимуҳамедовни бош вазир ўринбосари ва Олий назорат палатаси (молиявий-иқтисодий масалалар бўйича давлат назорати органи) раиси этиб тайинлади, шунингдек, уни Туркманистон Давлат хавфсизлик кенгаши таркибига киритди. Бу ҳақда Turkmenportal хабар бермоқда.
Бунинг учун давлат раҳбари ҳукумат раҳбари ўринбосарлари сонини оширди. Қарорга мувофиқ, лавозим «Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат хавфсизлик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, давлат мулки, шу жумладан, молиявий маблағлардан омилкорона фойдаланиш ва улар бўйича қонунчиликка мувофиқ операциялар устидан назоратни кучайтириш мақсадида» жорий этилган.
Шунингдек, президент маълум қилишича, янги бош вазир ўринбосарининг вазифаларига рақамлаштириш ҳамда давлат ва жамият қурилиши, соғлиқни сақлаш, таълим тизимларига, молия ва иқтисодиётга инновацион технологияларни жорий қилиш киради.
Бунгача, 2020 йил 7 февралдан Сардор Бердимуҳамедов Туркманистон саноат ва қурилиш ишлаб чиқариш вазири лавозимини эгаллаб келаётган эди. Ушбу лавозимга бунгача вазир ўринбосари бўлиб келган Баймират Аннамаммедов тайинланди.
Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўзи 63 ёшда, у Туркманистон президенти лавозимини 2007 йилдан буён эгаллаб келади. Бундан аввал эса Туркманистон президенти лавозимида 1991 йилдан Сапармурат Ниязов ишлаган.
Аввалроқ Туркманистон президенти мамлакатдаги кредит қарзларининг ўсиши ва валюта билан боғлиқ муаммолардан ғазабланиб, амалдорларга танбеҳ бергани ҳақида маълумот берилган эди.
Мавзуга доир:
- Халқаро хавфсизлик борасидаги шартномаларда ишончни йўқотаётган Россия ва Туркманистоннинг меросхўри. Жаҳон матбуоти шарҳи
- Туркманистон пахтакорларига президентнинг ўғли ҳокимлик қиладиган вилоятга хирмонни биринчи бўлиб кўтаришда ёрдам бериш буюрилди
- Туркманистон президентининг ўғли собиқ Ашхобод вилояти ҳокими этиб тайинланди
Изоҳ (0)