Фарғонада тўрт нафар фуқаро ўзгага тегишли тўрт қоп сочни ўғирлаб кетди, деб хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати.

«10 февраль куни тўрт нафар фуқаро бир гуруҳ бўлиб, Қува кўчасида жойлашган дала ер майдонида Қ.З. исмли аёлнинг олдига келишиб, нархи 44,1 миллион сўмлик тўртта қопга жойланган 70 килограмм сочларини очиқдан очиқ тортиб олиб, ҳодиса жойидан яширинган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «а» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси юқоридаги кўрсатилган жиноятни содир этган шахслар беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги ҳақида эслатиб ўтган.

Аввалроқ Тошкентда 35 ёшли эркакни калтаклаб, телефонини олиб қўйган уч нафар шахс қўлга олингани, Марғилонда ўзидан бир ёш катта йигитнинг 4,1 миллион сўмлик телефонини олиб қўйган 5 нафар вояга етмаган болага нисбатан жиноий иш очилгани тўғрисида хабар берилганди.