Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоғистонлик ҳайдовчиларга ҳайдовчилик ва транспорт воситаларини қайд қилиш гувоҳномасини (техпаспорт) олиб юрмаслик ҳуқуқини берувчи қонунни имзолади, дея хабар берди Tengrinews.
«Давлат раҳбари ‘Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига йўл ҳаракати масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаъги қонунни имзолади», — дейилади хабарда.
Ҳайдовчи гувоҳнома ёки «техпаспорт»ини уйда унутиб қолдиргани учун тўлайдиган жарима бекор қилинади.
Шунга кўра, қозоғистонлик ҳайдовчилар ўзлари билан ушбу ҳужжатларни олиб юрмасликлари мумкин. Ички ишлар органлари ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи гувоҳномасига қараб электрон маълумотлар базаси орқали унинг ҳужжатлари бор ёки йўқлигини текширади.
Ўзгаришлар чет элликларга тааллуқли эмас, улар ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспортлар»ни ўзлари билан олиб юриши шарт.
Қонун расман эълон қилинган дастлабки кундан бошлаб 10 календарь кун ўтгандан кейин кучга киради. Айни пайтда қонун ҳали расман эълон қилинмаган.
Аввалроқ Қозоғистоннинг коррупцияга қарши курашиш агентлиги раиси Алик Шпекбаев амалдорларга кичик ва ўрта даражадаги коррупцион жиноятлари учун жазо сифатида жамоат ишларига тайинлаш, хусусан, кўчаларни тозалатиш таклифи билан чиққанди.
Январь ойи бошида эса Қозоғистон ўлим жазосини расман бекор қилди. Мамлакат президенти бу борадаги тегишли қонунни имзолади.
Изоҳ (0)