Эрон ҳукумати Россиянинг «Спутник V» вакцинасидан фойдаланишни маъқуллади, дея хабар бермоқда Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зарифга таяниб «Коммерсантъ».

Фото: «РИА Новости»

«Яқин келажакда биз уни сотиб оламиз ва биргаликда ишлаб чиқаришни бошлаймиз, деган умиддамиз», – деди Эрон ташқи ишлар вазири россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан Москвада бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича.

Вазир Эрон ҳукумати вакцинани қачон ва қанча дозада сотиб олиши ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Аввалроқ Россия вакцинаси Жазоир, Аргентина, Беларусь, Боливия, БАА, Венгрия, Сербия, Фаластин, Венесуэла, Парагвай, Покистон ва Туркманистонда тасдиқланган эди. Вакцина ишлаб чиқаришни молиялаштирадиган Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармасининг маълумотларига кўра, 30 дан ортиқ давлат Россия вакциналарига қизиқиш билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Теҳрон коронавирусга қарши Америка ва Британиянинг вакциналарини олиб киришни тақиқлаган эди.