Жо Байден Вашингтонда бўлиб ўтган инаугурация маросимида АҚШнинг 46-президенти сифатида биринчи нутқини сўзлади.
«Бугун — Америка куни. Бугун — демократия куни», – деди Байден нутқининг бошида.
У январь ойи бошида Капитолийнинг эгалланишини эслади ва бу воқеада Америка демократиясининг аҳамиятини таъкидлаб ўтди.
«Демократиянинг қанчалик қадрли эканини билиб олдик. Ушбу соатларда, дўстлар, демократия тўлиқ ғалаба қозонди», – деди Байден.
Нутқ давомида Байден АҚШ аҳолиси оқ танлилар устунлигига қарши туриши кераклигини айтди. Таъкидланишича, Байден инаугурация пайтида бу ҳақда сўзлаган биринчи президент бўлди.
Байден, шунингдек, тўрт йиллик президент Дональд Трампдан кейин халқни бирлашишга чақирди. «Бирлик – бу олдинга йўл», – деди у.
Байденнинг айтишича, унинг бирлашиш ҳақидаги баъзи сўзлари бемаъни хаёллардек туюлиши мумкин, аммо америкаликларни иккига ажратган кучлар ҳақиқатан мавжуд.
Байден коронавирус пандемиясига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, америкаликлар қийин вақтга, синовлар даврига дуч келмоқда. Президент АҚШ аҳолисини пандемия билан юзма-юз туришга чақирди ва халқ биргаликда буни енгишини таъкидлади.
Байден 21 дақиқа давомида нутқ сўзлади. Таққослаш учун, Дональд Трампнинг 2017 йилдаги нутқи 17 дақиқа давом этган бўлса, Обаманинг 2009 ва 2013 йилдаги чиқишлари 19 дақиқа давом этган.
Эслатиб ўтамиз, Жо Байден 20 январь куни АҚШ президенти сифатида қасамёд қилди. У президент сифатида ишга киришганидан сўнг дарҳол АҚШни ЖССТ аъзолигига қайтаришга ва Мексика билан чегарада девор қурилишини тўхтатишга ваъда берди.
Изоҳ (0)