Alibaba асосчиси Жек Ма қарийб уч ой деганда илк бор оммага кўриниш берди, деб хабар бермоқда «РБК» The Wall Street Journal’га таяниб.
20 январь куни у Хитой қишлоқ ўқитувчиларини қўллаб-қувватлашга бағишланган онлайн тадбирда видео-алоқа орқали чиқиш қилган. Ушбу маълумотни газетага бизнесмен фонди ва (Alibaba’га қарашли) Ant Group компанияси вакиллари тасдиқлаган.
Жек Ма чиқишини Хитойнинг Global Times давлат газетаси журналисти ўзининг Twitter’даги саҳифасида эълон қилган. Унда миллиардер хитойлик ўқитувчилар ва таълим тизимини қўллаб-қувватлашга чақирган.
«Мен ва ҳамкасбларим ўқидик ва ўзимизни таълим соҳасида хайрия ишларига бағишлаш учун қатъийроқ бўлдик деган қарорга келдик», — дея мурожаат қилган Жек Ма педагогларга. Шунингдек, одатда маросим Хитой жанубидаги Саня курорт шаҳрида ўтказилишини, аммо бу йил пандемия сабаб уни онлайн ўтказишга тўғри келганини айтиб ўтган.
Хабарда айтилишича, Жек Манинг чиқиш қилгани ҳақидаги хабарлар фонида Alibaba акциялари Гонконг биржасида 6 фоизга ўсган.
Alibaba асосчиси жамоатчилик олдида сўнгги марта 2020 йилнинг 24 октябрида кўриниш берганди. Ўшанда Шанхайда ўтказилган анжуманда Ма халқаро молиявий тартибга солиш нормаларини эскирган деб атаб, Хитой ҳукуматини молиявий индустрияда инновацияларда йўл бермаётганликда танқид қилганди.
Собиқ инглиз тили ўқитувчиси Жек Ма 1999 йили Alibaba’га асос солган ва 2019 йилда компания раҳбарлигидан кетган. У ҳозирда капитализацияси 645 миллиард долларга тенг Хитойдаги энг йирик иккинчи компания. Яқин кунларгача Ма Хитойнинг энг бадавлат инсони эди, бироқ сўнгги икки ой ичида Alibaba акциялари нархининг тушиб кетиши унинг бойлигини 11 миллиард долларга камайишига сабабчи бўлди.
Изоҳ (0)