Эрон ҳукумати 6 август куни Исроил фойдасига жосуслик қилишда айбланган Рузбеҳ Вади исмли эркакни қатл қилганини маълум қилди. Суд ҳукмига кўра, у июнь ойида бўлиб ўтган Исроил билан уруш чоғида эронлик ядро олимлар ҳақида махфий маълумотларни яҳудий давлатига етказган. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.

Эрон суд тизимининг Mizan Online сайтида ёзилишича, Вади форс махфий ташкилотлардан бирида ишлаган ва шу орқали яширин маълумотларга эга бўлган. У интернет орқали Исроилнинг Моссад разведка хизмати томонидан ёлланган. Қатл осиб ўлдириш йўли билан амалга оширилган.
Маълумот учун, июнь ойининг ўрталарида Исроил Эрон ҳудудига, хусусан ядровий объектларга мисли кўрилмаган бомбардимонлар уюштириб, ядро олимлари ва юқори лавозимли ҳарбий қўмондонларнинг ҳаётига зомин бўлганди. Урушдан кейин Эрон ҳукумати Исроил билан ҳамкорликда гумон қилинган шахсларни тезкор судловдан ўтказишини эълон қилган. Сўнгги ойларда Моссад билан ишлаганликда айбланиб, бир неча киши ҳибсга олинган ва қатл этилган.
Бундан ташқари, Эрон ҳукумати 6 август куни экстремистик “Ислом давлати” гуруҳига аъзо бўлиш ва мамлакат ичида “террорчилик ҳужумлари режалаштириш”да айбланган бошқа бир шахсни ҳам қатл қилганини хабар қилмоқда. Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари, жумладан, Amnesty International маълумотларига кўра, Эрон дунёда Хитойдан кейин энг кўп қатл ўтказувчи давлат ҳисобланади.
Теҳрон ва Исроил ўртасидаги уруш 12 кундан сўнг АҚШ воситачилигида сулҳ билан тугаган бўлса-да, Эрон ичида яҳудий жосуслари ва мухолифат кучларини фош этишга қаратилган кенг кўламли ички операциялар ҳамон давом этмоқда.
Изоҳ (0)