АҚШнинг Огайо университети олимлари коронавируснинг иккита янги штаммини аниқлади. «РИА Новости»нинг ёзишича, улардан бири «британча» штаммга ўхшаш, иккинчиси вируснинг янада юқумли бўлишига хизмат қилади.
Аввалроқ бир нечта ОАВлар Оқ уйнинг COVID-19 муаммоси билан шуғулланадиган ишчи гуруҳининг ҳисоботига таяниб, АҚШда коронавируснинг янги, юқумлироқ тури пайдо бўлиши ва у дастлабки нусхасидан бир ярим баравар фаолроқ тарқалиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Бироқ АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) ушбу маълумотни рад этди.
Огайо университети баёнотида айтилишича, биринчи мутация «британча»га ўхшаш бўлса-да, лекин катта эҳтимол билан АҚШнинг ўзида пайдо бўлган. Бошқа бир штамм SARS-CoV-2’да биргаликда учрамаган учта генетик мутацияга эга.
Биринчи штамм Огайо штатидаги беморда топилган ва олимлар унинг қанчалик кенг тарқалганини ҳозирча айта олмайди. Штаммнинг иккинчи варианти Колумбус шаҳрида 2020 йил декабрь ойи охири — 2021 йил бошларида кўпая бошлаган.
Олимларнинг фикрига кўра, иккинчи штаммдаги мутациялар вирусни юқумлироқ қилиши мумкин ва шу тариқа касалликнинг одамдан одамга юқишини кучайтиради. Тадқиқотчилар бу вакциналар самарадорлигига таъсир қилади, деб ўйлаш учун ҳозирча асос йўқлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи ўрталарида Буюк Британияда SARS-CoV-2 коронавирусининг янги мутацияси аниқлангани маълум бўлганди. Кейинчалик Брияния ҳукумати мамлакатда аниқланган штаммнинг тез тарқалаётганини инобатга олиб, аҳолидан эҳтиёткор бўлишга чақирганди. Янги штамм дастлабки баҳоловларга кўра одатдагидан 70 фоизга юқумли бўлиши мумкин деб топилган бўлса ҳам, у қанчалик хавфли эканлиги ҳақида ҳали ҳеч қандай маълумот йўқ.
Изоҳ (0)