Пойтахтда Тошкент метрополитени музейи ташкил этилади. Бу ҳақда метрополитеннинг маркетинг, реклама ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Зарина Мансурова Тошкент шаҳар ҳокимлигига берган интервьюсида маълум қилди.
«2021 йилда метрополитен музейини очиш ниятидамиз. Ҳозирча унинг жойи аниқ эмас. Лекин «Минор» бекатини режалаштирганмиз. У метро бекатининг вестибюлида жойлашади.
Ҳозирда музейни ташкил қилиш ва очиш устида иш кетмоқда. Бу ғоя ўтган йилдан бери ривожланмоқда.
Метрополитенга алоқадор бўлган инсонлар бизга боғланиб, унинг нишонлари, белгилари ва унга тегишли буюмлари бўлса, биз билан ҳамкорлик қилишларини истардик», – дейди Зарина Мансурова.
У ушбу буюмлар бирон жойда чанг босмасдан музейда турса, одамлар уларни кўрса, метрополитен тарихи билан танишса, хурсанд бўлишини таъкидлаган.
Аввалроқ Тошкент метрополитенидаги поездларнинг ҳаракатланиш орасидаги вақт қисқаргани ҳамда Шавкат Мирзиёев метрони ривожлантириш лойиҳасини охиригача етказиш топшириғини бергани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)