Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида юзлаб шифокор ва талабалар Ўзбекистон ва Қирғизистон ОТМларида олинган дипломларни тан олишни талаб қилиб, икки кун давомида намойишлар уюштирди. Бу ҳақда «24.kg» хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, 7 январь куни икки мингга яқин тиббий ўқув юртларини тугатган ўқувчи ва талабалар Покистон тиббий комиссияси биноси олдида йиғилган. Бундан бир кун аввал полиция намойишчиларни дубинка ва водомётлар билан тарқатиб юборган.
Айрим намойишчилар полициячиларга тош отганига қарамай, ҳодиса вақтида жиддий жароҳатланганлар қайд этилмаган. Айримлар қўлга олиниб, кейинроқ қўйиб юборилган.
Норозилик келиб чиқишига Покистон тиббий комиссиясининг 21 та қирғиз ва 6 та ўзбек ОТМларининг талабга жавоб бермайди деб топгани ва ушбу ўқув даргоҳларининг дипломларини қабул қилмасликка қарор қилгани сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, Қирғизистон ОТМни битирган покистонликларнинг 90 фоизи Покистон тиббий комиссиясининг мажбурий имтиҳондан ўта олмайди, шу сабабли уларнинг дипломлари тан олинмайди.
Қирғизистон Таълим вазирлиги раҳбариятининг фикрича, юзага келган ҳолат Қирғизистон фуқаролари учун ҳам, чет эл фуқаролари учун ҳам кадрлар тайёрлаш сифати пастлиги билан боғлиқ. Вазирлик раҳбарияти университетлар умумий кўрсаткичларини яхшилаш учун покистонлик талабаларга кириш талабларини кучайтиришга чақирган.
Изоҳ (0)