Тошкентнинг Яшнобод туманида 15 декабрдан 2 январга қадар 7 та тўлов терминали ўғирланди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» дастурида маълум қилинди.
Яшнобод тумани ИИБ томонидан олиб борилган ишлар натижасида жиноят ишида гумонланаётган икки нафар шахс қўлга олинган.
Ушбу шахслар Яшнобод тумани Қорасув кўчасидаги 5-уй ёнида жойлашган дўкон ёнидан Paynet банкоматини ўғирлаётганида туман ИИО ФМБсига бу ҳақда хабар берилган. Тезкор қидирув ишлари олиб борилганда, давлат рақами ечилган оқ Damas русумли автомашинага ушбу инфокиоскни ортиб, олиб кетилаётганлиги аниқланган.
Маълумотларга кўра, гумонланаётган шахслар 2020 йил 15 декабрдан 2021 йил 2 январгача бўлган вақт оралиғида жами 7 та тўлов терминалини ўғирлаб, уларни бузган ва ичидаги пулларни сарфлаб юборган.
Маълум қилинишича, гумондаги шахслар Д. (1990 йилда туғилган) ва Р. (1989 йил туғилган) бундан аввал Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазо муддатини ўтаб чиққан.
Аввалроқ Жиззахда банкоматдаги пулларни ўғирламоқчи бўлган йигит қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)