АҚШ Конгрессига амалдаги президент Дональд Трамп тарафдорлари томонидан уюштирилган шиддатли ҳужум чоғида ярадор бўлган полициячи вафот этди, деб ёзади Meduza.

Фото: Meduza

Капитолий полицияси томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, полиция ходими Брайан Сикник 7 январь куни кечқурун ҳаётдан кўз юмган. Трампнинг тарафдорлари билан тўқнашувларда жароҳатланган полициячи қисм жойлашган жойга қайтган ва ҳушини йўқотган. Сикник касалхонага етказилган, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Ҳодиса юзасидан текширув олиб борилмоқда.

Капитолий полициясида 2008 йилдан буён хизмат қилиб келган Сикник Вашингтонда 6 январь кунги тартибсизликларда ҳалок бўлган бешинчи киши бўлди.

Тартибсизликлар туфайли Капитолий полицияси раҳбари Стивен Сунд истеъфога чиқишини эълон қилди. Сунднинг истеъфо ҳақидаги баёнотини Politico нашрининг парламентдаги мухбири Хизер Кейгл ўз Twitter’ида эълон қилди.

У тартибсизликлардан кейин Капитолий полицияси раҳбари Конгресс Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг талабига қарамасдан, ўз лавозимини тарк этмаслигини маълум қилганини эслатди.

Капитолий полициясини 2019 йил июнидан бошқариб келган Сунд 16 январда истеъфога чиқади.

Ўз навбатида Трамп мурожаат билан чиқиб, Капитолийдаги тартибсизликларни қоралади ва айбдорлар жавобгарликка тортилишига ваъда берди.

Трампнинг мурожаати унинг Twitter’даги аккаунтида эълон қилинди, ундан 12 соатлик блокировка олиб ташланди. Facebook ва Instagram’да эса Трамп 20 январь — унинг президентлик муддати тугагунига қадар пост қолдира олмайди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда 3 ноябрь куни бўлиб ўтган президент сайловлари натижаларини сайловчилар ҳайъати 15 декабрь куни қўллаб-қувватлаб, демократлардан номзод Жо Байденни ғолиб деб эълон қилди. Конгресс якунларни 6 январь куни тасдиқлаши керак эди. Бунга сайловда мағлуб бўлган президент Дональд Трампнинг тарафдорлари халақит берди: улар Конгресс биноси ёнида йиғилиб, ичкарига бостириб кирди. Полиция уларни фақат куч билан қувиб чиқара олди.

Конгрессменларнинг бир қисми Капитолийдан эвакуация қилинди. Вашингтонда комендантлик соати эълон қилиниб, тартибни сақлаш учун АҚШ пойтахтига Миллий гвардия кучлари киритилди. Тўқнашувларда тўрт киши ҳалок бўлди.

Кейинроқ, 7 январь куни АҚШ Конгресси мажлисини давом эттириб, Жо Байденнинг АҚШнинг 46-президенти этиб сайланганини тасдиқлади ва унинг инаугурациясини 20 январга белгилади.

Капитолий полицияси Трамп тарафдорларининг Конгрессга бостириб киришига йўл қўйиб бергани учун танқидларга учради.

Трамп овоз бериш якунларидан ҳамон норози бўлса-да, ваколатларни сайланган президентга топширишга тайёрлигини эълон қилди.