Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов айни вақтгача Ўзбекистонда қанча кўнгилли коронавирусга қарши Хитой вакцинаси билан эмлангани ва эмлаш жараёнида кимлар қатнашиши мумкинлиги тўғрисидаги саволларга жавоб берди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Қурбоновнинг сўзларига кўра, клиник-синов тарзида ўтказилаётган эмлашда 18 ёшдан ошган кўнгилли фуқаролар қатнаша олади. Улар COVID-19 инфекцияси билан умуман зарарланмаган бўлишлари талаб этилади. Чунки коронавирусга чалиниб тузалганлар танасида антитаначалар мавжуд бўлиб, вакцинанинг организмга қандай таъсир қилганини аниқлашга халақит беради.

Бундан ташқари, айни вазиятда коронавирус билан оғриган беморларга ҳам вакцина қилинмайди. Кўнгилли фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, турли сурункали касалликлардан холи экани ўрганилади. Эмлашдан олдин кўнгилли фуқароларнинг қон таҳлили экспресс усулда ўрганилади. Бунда организмда инфекцияга қарши антитаначалар йўқлиги ҳамда коронавирус касаллигига чалинмагани аниқланади.

Таъкидланишича, 22 декабрь санасига кўра, 226 нафар кўнгилли фуқаро вакцина билан эмланган. Фуқароларнинг вакцина тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдириши ҳамда кўнгилли сифатида эмлашда қатнашиш ниятида мурожаат қилиши учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан махсус сайт яратилмоқда.

«Айни пайтда назоратга олиш имкони кенг бўлгани учун асосан пойтахтда яшовчи кўнгилли юртдошларимиз ушбу вакцина билан эмланмоқда», — дейди Ботиржон Қурбонов.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг маълум қилишича, вакцинанинг ушбу синови 14 ой давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компаниясида ишлаб чиқарилган ZF2001 рекомбинант вакцинасининг III фаза клиник синовлари амалга оширилмоқда.

Синов вакцинаси бу тадқиқот натижасида яратилган вакцина тури бўлиб, клиник синовларда қўллаш учун мўлжалланган ва тегишли ташкилотлардан тасдиқланмагунча, сотувга чиқарилмайди.

Қайд этилишича, ушбу тадқиқотда иштирок этиш ёки этмаслик тўлақонли ихтиёрий. Синов даври мобайнида кўнгиллилар синовни давом эттиришга мажбурланмайди. Ушбу синовда иштирок этишга қарор қилган номзод розилик хатига имзо чекиши ва унинг бир нусхасини ўзида сақлаши сўралади.

Тадқиқотда қатнашишга қарор қилган номзоднинг касаллик тарихи, саломатлик кўрсаткичлари, вакцинани қабул қилганидан сўнги йиғилган маълумотлар ва шу каби бошқа маълумотлар ёзиб олинади. Шу билан бирга номзодларга янги коронавирус инфекциясидан қандай сақланиш мумкинлиги тўғрисида кўрсатмалар берилади.

Аввалроқ Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири Хитой вакцинаси масаласида аҳолини хотиржамликка чақириб, синовда оила аъзолари ҳам қатнашаётгани, Тошкентда давом этаётган коронавирусга қарши вакциналар синовида ҳозирча ножўя таъсир аниқланмаганини маълум қилганди.

Маълумот учун, соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев 2020 йил охири ёки 2021 йил бошларида Ўзбекистон «Спутник V» вакцинасининг клиник синовларига киришишни мўлжаллаётганини маълум қилганди. Шунингдек, Ўзбекистон Россиянинг «Вектор» илмий маркази томонидан ишлаб чиқарилган «ЭпиВакКорона» вакцинаси рўйхатдан ўтказилгандан сўнг унинг қўшма синовларини ўтказишга қизиқиш билдирганди. Ҳиндистон ҳам коронавирусга қарши вакциналарини Ўзбекистонга таклиф қилган. Ўзбекистонда 2021 йилнинг июнига қадар 60 фоизгача аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар