Россияда олд ва орқа қанотларининг дизайни сабаб «Понтон» лақабини олган модель — 1959 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz 220 СЕ (W128) кабриолети сотувга қўйилди. Ўтган асрнинг ўрталарида йиғилган 1112 нусхадан бири Твердан топилган: 50 минг километр йўл босиб, идеал ҳолатда сақланган модель 14,7 миллион рублга (200 минг доллар) баҳоланмоқда, деб хабар беради Motor.
Эълон муаллифи 61 йиллик «Понтон»ни ҳозирги Mercedes-Benz S-Class’ни «бобосининг бобоси» деб атаган. Мазкур нусха Германияда реставрация қилинган ва шундан сўнг Россияга олиб келинган, ЙҲХББда рўйхатга олинган. Кабриолетга олти цилиндрли 2,2 литрли бензин двигатель ўрнатилган бўлиб, агрегат 120 от кучини тақдим этишга қодир. У механик узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади.
Моделга «Понтон» номи олд ва орқа қанотларнинг кузовга уйғунлашиб кетгани сабаб бўлган. Бу каби дизайн ХХ асрнинг ўрталаридаги қатор моделларга хос бўлган. Версиялардан бирига кўра, ушбу сўз немис танкчиларидан қолган бўлиб, улар Иккинчи жаҳон уруши вақтида ён томонларига зирҳли экранлар илинган танкларни «Понтон» деб атаган.
Аввалроқ Элвис Преслига тегишли бўлган Mercedes-Benz 600 (W100) сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)