Буюк Британия пойтахти Лондонда 16 декабрдан коронавирусга қарши энг юқори чеклов чоралари (учинчи даражадаги чекловлар) жорий қилинади. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хенкок маълум қилди, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: The Telegraph

Учинчи даражадаги чекловлар Жанубий ва Ғарбий Эссексда ҳамда Хартфордширнинг жанубида ҳам жорий этилади.

Вазирнинг сўзларига кўра, чекловларни кучайтириш ҳақидаги қарор мамлакатда коронавируснинг янги тури аниқланганидан кейин қабул қилинган. Қайд этилишича, янги тур бошқаларидан кўра тезроқ тарқалаётган бўлиши мумкин, бироқ унинг оғирроқ касалликни келтириб чиқариш эҳтимоли паст баҳоланмоқда.

Учинчи даражадаги чекловлар ресторанлар, кафе ва барлар фақат етказиб бериш ҳамда олиб кетиш учун ишлаши мумкинлигини назарда тутади. Бинолар ичидаги учрашувлар тақиқланади, очиқ ҳавода эса олти кишидан ортиқ тўпланиш мумкин эмас.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Буюк Британияда шу пайтгача COVID-19 билан касалланиш бўйича 1,8 миллионта ҳолат қайд этилган. 13 декабрь куни 18,4 мингта янги ҳолат аниқланган, 7—13 декабрь кунлари 126,2 мингта янги ҳолат рўйхатга олинган, бу эса аввалги ҳафтага нисбатан 20 фоизга кўпроқ.