АҚШда 14 декабрь куни коронавирусга қарши эмлаш бошланди, баъзи штатларда эса бу жараён 15 декабрдан бошланади. Pfizer ва BioNTech компаниялари томонидан яратилган вакцинанинг дастлабки дозалари дам олиш кунлари бутун мамлакат бўйлаб тарқатилган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Вакцина яратиш, ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича хусусий-давлат дастури вакили Густаве Пернанинг маълум қилишича, 14 декабрь куни вакцина 50 та штатдаги 145 та жойга етказиб берилади. 15 декабрь куни яна 425 та, 16 декабрь куни эса 66 та жойга вакцинани етказиб бериш режалаштирилган.
Ҳар бир штатнинг расмийлари эмлашни кимдан бошлашни белгилаш ҳуқуқига эга, бироқ аввалроқ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бошқармаси биринчи навбатда тиббиёт муассасалари ходимлари, қариялар уйлари ва шу каби ижтимоий муассасалардаги одамларни эмлаш ҳақида тавсия берган.
ОАВ 13 декабрь куни ўз манбаларига таяниб, дастлаб АҚШда давлат раҳбарияти ва ҳокимият органлари вакиллари 14 декабрдан бошлаб эмланиши ҳақида хабар берган. Бироқ мамлакат президенти Дональд Трамп Оқ уй ходимлари эмлашни кейинроқ олиши ҳақида маълум қилган ва бу ҳақда кўрсатма берганини айтиб ўтган.
Трампнинг ўзи ҳам айни пайтда эмлаш олишни режалаштирмаяпти, бироқ бу ишни кейинроқ амалга оширишни мўлжаллаган. Дональд Трамп октябрь ойида коронавирус билан касалланганди ва унда антитаначалар шаклланган.
Дори воситалари етказиб бериш билан шуғулланувчи UPS компанияси бўлинмасининг раҳбари Уэс Уилернинг сўзларига кўра, вакцина ортилган барча рейслар 13 декабрь куни ўз манзилига учиб кетган.
Вакцинани етказиб беришдаги қийинчиликлардан бири доимий ҳароратни ушлаб туриш ҳисобланади — вакцина Цельсий шкаласи бўйича 75 даража совуқда сақланиши керак. Бунинг учун қуруқ муздан фойдаланилмоқда.
CNN томонидан хабар берилишича, 13 декабрь куни ишлаб чиқариш нуқталаридан тахминан 920 мингта доза жўнатилган. Яна 2 миллионта дозани 14 декабрь куни жўнатиш режалаштирилган, улар ўз манзилига 15 декабрь куни етиб бориши керак.
АҚШда 2020 йил якунига қадар тахминан 20 миллион кишини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилмоқда. 2021 йилнинг дастлабки икки ойида эса бу рақам 100 миллион кишига етиши керак.
Moderna компанияси ҳам ўз вакцинасини лицензиялаш учун ариза берган.
Изоҳ (0)