Пандемия даврида Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларни мамлакатга қайтариш мақсадида Тошкент—Москва—Тошкент йўналишида махсус поездлар қатнови йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабарига кўра, қатнов 14, 21, 28 декабрь кунлари Москва Казанский—Тошкент йўналишида амалга оширилади. Поездлар Москвадан маҳаллий вақт билан Тошкентга соат 22:28 да жўнайди.
Ушбу поездларга фақат бир томонга, яъни Москва—Тошкент йўналишига чипталар сотилади.
«Йўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида чипталарнинг электрон сотуви йўлга қўйилди. Москвадаги фуқароларимизнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси билан «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти веб-сайти орқали e-ticket.railway.uz’дан чипталарни электрон тарзда харид қилиб олиб, жўнатишлари ҳам мумкин», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу ишлар Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раҳбариятининг россиялик ҳамкасблари билан олиб борилган музокаралари натижаси ўлароқ амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)