Дания ҳукумати 2050 йилга бориб Шимолий денгизда нефть ва газни қазиб олиш ҳамда уни қидириш бўйича разведка ишларини тўлиқ тўхтатиш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Энергетика ва иқлим муаммолари бўйича вазирлиги раҳбари Дан Йёргенсенга таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Ушбу натижага эришиш учун мамлакат Шимолий денгиздаги нефть ва газ жойларини топишга мўлжалланган келажакдаги барча тендерлар ҳамда уларни лицензиялаш борасидаги саккизинчи раундни ўтказишдан бош тортган.
Вазирлик ҳисоб-китобига кўра, тендер ўтказмаслик ва углеводородларни қазиб олишни тўхтатиш борасидаги чораларнинг амалга оширилиши Дания бюджетига тахминан 13 миллиард крона (2,1 миллиард долларга яқин) зарар келтиради.
2019 йилнинг декабрида Дания парламенти иқлим ўзгаришларига қарши кураш йўлида қатор чора-тадбирлар пакетини қабул қилган. Мазкур актга кўра, Даниянинг амалдаги ва кейинги барча ҳукумати 2030 йилга қадар мамлакатда ҳавога чиқариладиган зарарли газларни 70 фоизгача камайтириши керак, 2050 йилга бориб эса углерод нейтраллигига эришилади.
Аввалроқ агар иқлим исишига қарши курашда глобал ўзгаришлар бўлмаса, келгуси 50 йилда миллиардлаб одамлар «иқлим мигрантлари»га айланиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)