Американинг Salesforce компанияси 1 декабрь куни Slack корпоратив мессенжерини харид қилиш бўйича Slack Technologies билан битим имзолаганини эълон қилди, деб хабар беради Meduza.
Битим шартларига кўра, Slack акциядорлари ҳар бир акция учун 26,79 доллардан нақд ва 0,0776 оддий Salesforce акцияларини олади. Salesforce акцияларининг 30 ноябрдаги нархларидан келиб чиқиладиган бўлса, Slack’нинг қиймати 27,7 миллиард долларни ташкил этган.
Salesforce асосчиларидан бири ва унинг бош директори Марк Бениоффнинг маълум қилишича, компания ўзининг шериклари билан ҳамкорлик қилиш имконини берган Salesforce Customer 360 платформасини Slack билан бирлаштириб юборишни режалаштирмоқда. Тахминларга кўра, Slack Salesforce Customer 360 учун янги интерфейсга айланади.
1 декабрь кунги савдолар якуни бўйича АҚШда Slack акциялари 43,84 долларга баҳоланган — бу бир кун олдинги қийматдан 2,24 фоизга қимматроқ. Salesforce акциялари эса 1,81 фоизга тушиб кетиб, 241,35 долларни ташкил этган.
Slack Technologies 2009 йилдан бери мавжуд. 2013 йилда компания турли компаниялар, жумладан, Fortune 500 рўйхатидагилар, 150 дан ортиқ давлатларнинг ҳукумати, нотижорий ва илмий ташкилотлари фойдаланадиган корпоратив мессенжерни яратган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Amazon ҳам Slack мессенжерини харид қилиш имкониятини кўриб чиққан эди.
Изоҳ (0)