Фарғона вилоятида «Агробанк»нинг туман филиали бошқарувчиси бир миллиард сўм кредит маблағини талон-торож қилган. Бу ҳақда вилоят прокурори Улуғбек Қосимов вилоятда коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.
Маълум бўлишича, 30 ноябрь куни Фарғона вилояти ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда вилоят прокурори давлат маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноятларга тўхталиб ўтган.
Таъкидланишича, «Агробанк»нинг Бувайда филиали бошқарувчиси О.Х. жуда кўп миқдордаги имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилгани учун икки маротаба судланиб, банк тизимидан бўшатилган собиқ раҳбар Х.М. билан жиноий тил бириктириб, болалар оёқ кийими ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш баҳонасида уч йил муддатга бир миллиард сўм миқдорда кредит олган. Банкнинг собиқ бошқарувчилари олинган кредит маблағини белгиланган мақсадда сарфламасдан, ўз харажатига сарфлаб юборган.
Вилоят прокурорининг айтишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)