Сингапурда 15 кундан буён маҳаллий аҳоли орасида коронавирус билан касалланиш бўйича янги ҳолатлар қайд этилмади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Reuters

Бу пандемия бошидан буён сингапурликлар орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган энг узоқ давр ҳисобланади. Шифокорлар 25 ноябрь куни Сингапурга бошқа мамлакатлардан келган кишиларда касалланиш бўйича еттита ҳолатни аниқлаган. Беморларга уйда қолиш ҳақида огоҳлантириш берилган.

Пандемия бошидан буён Сингапурда 58 мингдан ортиқ одам коронавирус билан касалланган, 28 киши касаллик қурбонига айланган. Айни пайтда 37 киши касалхоналарда даволанмоқда.

Аввалроқ сингапурлик олимлар коронавирусни бир неча дақиқада аниқлайдиган тест аппаратини тақдим этганди.