Буюк Британиянинг Ноттингем шаҳрида таниқли кўча рассоми Бэнксининг граффитиси бузиб қўйилди. Суратда велосипед шинасини ҳалқа сифатида ўйнаётган қизалоқ тасвирланган, шунингдек, устунга мустаҳкамланган бир ғилдираги йўқ велосипед ҳам умумий композициянинг бир қисми эди. Аммо велосипед ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берган.

Фото: «Bansky.co.uk»

Байкнинг йўқолганини бошланғич мактаб ўқитувчиси Трейси Жейн биринчилардан бўлиб 22 ноябрь тонгида пайқаган. Аёл граффити олдига келиб рассомнинг янги ижодий ишига баҳо беришни истаган.

«Ҳамма ушбу асар ҳақида гапирарди. Бироқ бу ерга келганимда хаёлимдан фақат бир гап ўтди: «Эй, худойим велосипед йўқолиб қолибди», — дея ўқитувчи аёл сўзларидан иқтибос келтирган The Guardian.

Ўқитувчи Трейси Жейнни Бэнкси граффитиси билан жуда кўп нарсалар боғлаб туради, аёлнинг марҳум эри велосипедлар ишлаб чиқарувчи Raleigh фабрикасида корхона 2002 йилда ёпилгунига қадар ишлаган. Граффити фабрикага яқин жойда чизилган.

Фото: Instagram

«Кимнингдир нафақат Бэнкси ижодига, балки Ноттингемга нисбатан бундай ҳурматсиз муносабатда бўлиши кишини хафа қилади», — қўшимча қилган аёл.

BBC’нинг хабар беришича, йўқолган велосипед ўрнига бошқаси олиб келинган ва унинг ҳам бир ғилдираги йўқ. Оригинал асардаги Арканзас байки ўрнини Raleigh Outland фабрикасида (Трейси Жейннинг эри ишлаган фабрика) ишлаб чиқарилган велосипед эгаллаган.

Шаҳар кенгаши граффитини пластик панел билан ёпган, аммо уни икки марта бўёқ билан бузилган. Маҳаллий аҳоли афсонавий рассомнинг санъат асарини бундай бузилишидан ҳар доим норози бўлади. Ноттингем университети талабаси Мейси Гарбин ишнинг жамият руҳиятини кўтариш мақсадида чизилганини қайд этган. Бошқа бир фуқаро Луиза Харрисон эса Бэнксининг пандемия сабаб оғир аҳволдаги шаҳар аҳолисига зўр совға ҳадя қилганини билдирган.

Бэнкси — стрит-арт йўналишида ишловчи англиялик рассом, сиёсат фаоли ва санъат арбоби. Ҳеч ким рассомнинг ҳақиқий исмини билмайди: у ўз шахсини сир сақлайди. Санъаткорнинг мухлислари унинг Бристолда туғилгани, исми Роберт ёки Робин Бенкс ёхуд Робин Ганнингем, Роберт дель Ная ёки Жейми Хюллет эканини тахмин қилади.

Ёзда Бэнкси Шимолий Африкадан Европага келмоқчи бўлган қочоқлар миссиясини молиялаштирган, уларга кема сотиб олиб берган ва унинг номини франциялик инқилобчи Луиза Мишель шарафига номлаганди.

Октябрда Бэнксининг «Менга Монени кўрсат» картинаси (Show Ме The Monet) Sotheby’s аукционида 9,8 миллион долларга сотилган. Асарнинг нархи 3,9 миллиондан 6,5 миллион долларгача баҳоланганди. Таниқли рассом Клод Моне руҳиятида чизилган суратда кўприкча, қудуқ, шунингдек, сувга оққан йўл конуси, супермаркет араваси акс этган.

Фото: AP Photo