Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ниқоблар коронавирусга қарши фақат қисман ҳимояни таъминлайди, лекин юқтириш хавфини икки баравар камайтирмайди. Бу ҳақда Дания миллий касалхонаси (Rigshospitalet) томонидан ўтказилган тадқиқотда айтилган, деб хабар бермоқда «РБК».

Фото: Global Look Press

Фото: Global Look Press

Олимлар Дания ҳукумати ҳеч қандай тавсия ва COVID-19 бўйича чеклов чораларини жорий этмасидан аввал тадқиқотни ўтказган. Унда 6024 киши иштирок этган бўлиб, улар икки гуруҳга бўлинган. Гуруҳлардан бири ниқоб тақиши керак бўлган.

Бир ой ўтгач ниқоб тақилган гуруҳ иштирокчиларнинг 1,8 фоизи, ниқобдан фойдаланмаганларининг 2,1 фоизи коронавирус билан касалланган.

«Шундай қилиб, тадқиқот ниқобдан фойдаланадиган одамлар коронавирус билан касалланиш хавфининг кутилаётганидек икки баравар камайишини тасдиқламади. Аммо натижалар ниқобнинг ўртача ҳимоя даражаси — 15-20 фоизни кўрсатиши мумкин», — деб қайд этилган Дания миллий касалхонасида.

Шунингдек, олимларнинг таъкидлашича, юқорида қайд этилган ҳимоя даражасини фақат тадқиқот ўтказилган шароитда — бошқалар ниқоб тақмаган ва жамиятда чеклов чоралари, шу жумладан, ижтимоий масофа сақлаш қоидасига риоя қилинмаган тақдирда кутиш мумкин.

Мутахассислар ниқобларнинг самарадорлигини касалланган кишиларда синовдан ўтказмагани, яъни улардан коронавирус юқиши ҳимоя даражаси ўрганилмаганини қўшимча қилган. Шу сабабли тадқиқот пандемия пайтида ниқобни мажбурий тақиш самарали чора бўлмайди, деган хулосага келмаслик лозимлигидан огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТнинг апрель ойида эълон қилган биринчи тавсияларида фақат касалланган беморлар ниқоб тақишлари кераклиги айтилганди. Ўшанда ниқоблар захираси жуда кам бўлгани учун ЖССТ раҳбари ниқоблардан кенг аҳоли фойдаланиши унга ҳақиқатан ҳам кўпроқ муҳтож бўлганларга етмай қолишидан хавотирланаётганини билдирган. Июль ойида ЖССТ коронавируснинг олдини олиш учун ниқоб тақиш бўйича тавсияларига ўзгартириш киритди ва жамоат транспорти ва дўконларда ниқоб тақишни тавсия қилди.

ЖССТнинг расмий вакили Тарик Язаревич тиббий ниқобнинг ўзи коронавирусдан ҳимоя қилолмаслигини билдирган. «У бошқа чоралар билан биргаликда қўлланилиши лозим. Муаммо шундаки, ниқоб таққан одамларда ҳимояланганликнинг ёлғон ҳисси пайдо бўлиб, қўлни ювиш каби бошқа нарсаларни унутиши мумкин. Шунингдек, ниқобни тўғри тақишни билмасангиз, юзингизга одатдагидан ҳам кўпроқ тегишни бошлайсиз», — деб таъкидлаган.

Ўзбекистонда 25 мартдан бошлаб жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланган. Ниқобсиз юрган шахслар жаримага тортилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар