Вьетнам маъмурлари Facebook ҳукумат томонидан ўтказилаётган босимга бўйсуниб, маҳаллий сиёсий контентни кўпроқ цензура қилишни бошламаса, уни мамлакатда ёпиб қўйиш билан таҳдид қилди, деб ёзади TJournal. Reuters’га бу ҳақда Facebook’нинг юқори мансабли ходими маълум қилган.
Апрелда компания ҳукуматнинг «давлатга қарши» хабарлар цензурасини аҳамиятли равишда кучайтириш ҳақидаги сўровини бажарган. Ўшанда ҳукумат Facebook’нинг мамлакатда жойлашган серверларини ўчириб қўйган, бу фойдаланувчилар учун сервис сифатини жуда ёмонлаштирган. Августда Вьетнам яна мурожаат қилиб, танқидий гапларга нисбатан чекловларни кучайтиришни сўраган.
Reuters агентлиги ҳамсуҳбатининг айтишича, компания бундай қилишдан бош тортган, шунда муҳокамага ҳукумат томонидан таҳдидлар аралашган. Масалан, Facebook’ни мамлакатда тўлиқ блоклаш тилга олинган. Рақамлар билан таниш бўлган икки манба берган маълумотларга кўра, Вьетнам ҳозирда компаниянинг дунё бўйича асосий бозорларидан бири бўлиб, у ерда қарийб 1 миллиард доллар миқдорида даромад олади. Facebook Вьетнамда 60 миллионга яқин фойдаланувчига эга.
Вьетнамда иқтисодий ислоҳотлар олиб борилаётгани ва ижтимоий ўзгаришларга нисбатан очиқлик ошаётганига қарамай, ҳукмрон Коммунистик партия ОАВ ва ижтимоий тармоқлар устидан қатъий назорат олиб боради. Reuters’нинг сўровига жавобан, Вьетнам ташқи ишлар вазирлиги Facebook маҳаллий қонунларга риоя қилиши ҳамда «Вьетнамнинг урф-анъаналарига зид бўлган ва давлат манфаатларини чеклаб қўядиган ахборотни тарқатиш»ни бас қилиши кераклигини билдирди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Facebook’ни ҳукуматга ўта осонлик билан ён босиши туфайли анчадан буён танқид қилиб келади. «Бизнинг хизматларимиздан ҳамма фойдалана олиши ва одамлар ўз фикрини ифодалашда давом этиши учун бор имкониятимизни ишга соламиз», — деди компания матбуот котиби. Вьетнам ҳукумати ижтимоий тармоқнинг маҳаллий муқобилларини ишга туширишга ҳаракат қилган, аммо улар оммалашмаган. Facebook фойдаланувчиларнинг ёппасига ижтимоий тармоқни тарк этиши ҳолати сезилмаганини маълум қилди.
2019 йилда Вьетнам дунёдаги энг шафқатсиз цензура амалда бўлган мамлакатлар рейтингида юқори ўнликка кирган эди.
Изоҳ (0)