Россиянинг Ёқутистон федерал ҳудудида олти киши қўл учун антисептикни ичиш оқибатида вафот этди. Яна уч киши касалхонага ётқизилган, шифокорлар уларнинг аҳволи ўта оғир эканлигини маълум қилган, деб ёзмоқда «Интерфакс».
«Роспотребнадзор»нинг маҳаллий бўлинмаси берган маълумотларга кўра, Таттин туманида яшовчи фуқаролар 18 ноябрь куни дўкондан беш литрли канистрда қўлни тозалаш учун антисептик сотиб олган.
Уларнинг уч нафари санитайзерни ичган заҳоти ҳалок бўлган, яна уч киши шифохонада вафот этган. Икки ва ундан ортиқ фуқаронинг ўлими туфайли жиноят иши очилган. Дўкондаги антисептикнинг қолган қисми экспертиза учун олинган.
2016 йил декабрь ойида Иркутскда 123 нафар одам ванна учун «Бояришник» концентратидан заҳарланган, уларнинг 78 нафари вафот этганди. Жабрланувчилар этил спирти ўрнига ўлим хавфи кучли метил спирти (метанол) қўшилган концентратни алкоголь ўрнига истеъмол қилган. Иркутскдаги ушбу оммавий заҳарланишдан сўнг таркибида спирт мавжуд бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотишни чеклаш масаласи кескин муҳокама қилинган. 2017 йилда Россияда таркибида алкоголь ва спирт бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришдаги қоидабузарликларга нисбатан маъмурий жавобгарликни кучайтириш ҳақида қонун қабул қилинган.
Аввал март ойида Эронда 7 киши коронавирусдан ҳимояланиш учун метанол ичиб вафот этгани, шунингдек, Туркиянинг Истанбул шаҳрида қалбаки алкоголь маҳсулотларини истеъмолидан заҳарланиш оқибатида 37 нафар туркманистонлик ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабарлар берилганди.
Изоҳ (0)