Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Курчалой шаҳридаги болалар ўйин марказидан Marvel киноолами ва комиксларининг қаҳрамонлари тасвирларини олиб ташлашни талаб қилди. Бу ҳақда у янги турар жой мажмуасига ташрифи вақтида маълум қилган, деб ёзади «РБК».
Ўйин маркази деворидаги капитан Америка ва Торнинг суратларини кўрган Қодиров уларни «фантазия» деб атаб, олиб ташлашни талаб қилган. «Ҳақиқий қаҳрамонларимизнинг суратларини жойлаштиринг. Динимиз ва халқимиз тарихида намуна олиш мумкин ҳамда керак бўлган кўплаб ҳақиқий қаҳрамонлар бор», — дейди республика раҳбари.
Аҳолиси 26 мингга яқин бўлган Курчалойга шаҳар мақоми 2019 йилда берилган эди. Шаҳар марказидаги тўққизта турар жой биносининг қурилиши деярли якунланган. Қодировнинг айтишича, янги мажмуа Курчалойнинг кўркига айланади.
Эслатиб ўтамиз, комикслар ва уларнинг қаҳрамонларини Россия собиқ маданият вазири Владимир Мединский ҳам танқид қилганди. 2019 йилда у график новеллаларни ёқтирмаслигини маълум қилиб, уларни «мажруҳлик» деб атаганди. Унинг сўзларига кўра, бу 7-8 ёшли болалар ўқиши учун мўлжалланган. «Катта ёшдаги инсоннинг комикс ўқиши, менимча, бу мажруҳлик», деганди Мединский.
Изоҳ (0)