Украина президенти Владимир Зеленскийда коронавирус аниқланди, деб хабар бермоқда Meduza. Президент девонининг Facebook’даги саҳифасида айтилишича, у ўзини яхши ҳис қилмоқда ва ўзини яккалаган ҳолда вазифаларини бажаришда давом этмоқда.
Президент сайтида айтилишича, 9 ноябрь куни Зеленский COVID-19 тарқалишига қарши кураш бўйича конференцияда иштирок этган.
Хабарда айтилишича, президент девони ходимлари мунтазам равишда коронавирусга тест топшириб туради. Идора раҳбарининг ўринбосари Юлия Ковалив ушбу тестдаги натижаси салбий, идора раҳбари Андрей Эрмакда эса ижобий чиққан.
Зеленскийнинг ўзи ҳам Facebook’даги саҳифасида COVID-19’га тести ижобий чиққанини тасдиқлаган. Президент ўзини яхши ҳис қилаётганини ва ишлашда давом этиб, касалликни енгиб ўтишига ишонишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Украинада COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият янада оғирлашгани туфайли 2020 йил март ойида эълон қилинган фавқулодда ҳолат режими 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилди. Президент Украинада бир кеча-кундузда касалланганлар сони 9,5 минг кишидан ошса, қатъий чекловлар жорий қилинишини айтганди.
Аввалроқ Киев мери Виталий Кличко коронавирусга чалингани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)