Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Садир Жапаров қиммат кийимларини қаердан олганини маълум қилди. «Регион» телеканалининг қайд этишича, сиёсатчи 2,5 минг доллар турадиган жилет ва 4,6 минг евро турадиган куртка кияди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
«Кийимни мен ўзим танламайман. Асосийси, кийим ярашиши ва мос келувчи ўлчамда бўлиши, шундан кейин уни кияман. Менга кийимни турмуш ўртоғим олиб келади», — дея таъкидлаган Садир Жапаров.
«Бу кийимни менга яқин қариндошларим, дўстларим табриклаган вақтда совға қилган. Ахир нархини сўрамайсан-ку. Бугунгача сўрамаганман. Қандай қилиб олмайсан? Масалан, дўстим менга куртка олиб келди, нархини эса сўрамадим. Агар эртага уни кийсам, яна гап-сўз бўлиши мумкин», — дея тушунтириш берган Жапаров.
Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, кийимларининг бир қисмини унга фуқаролар жўнатган.
«Москва, Санкт-Петербург, Қозондаги ватандошлар ҳам кийимлар тўплаб, менга жўнатди. Ҳозир ўзимда бор кийимларни кийяпман. Одамлар кияётган кийимларни кийяпман. Бироқ нархини сўрамаганман, ҳатто қизиқмаганман. Нархига қарамайман, асосийси — мос тушиши. Ўзим бозорга, дўконга бормайман, менга турмуш ўртоғим олиб келади», — деган Садир Жапаров.
Изоҳ (0)