Австралия полицияси Кэрол Ричардс исмли фуқарога 1973 йилда ишлаб чиқарилган пушти ранг Holden Torana’ни қайтариб берди. Бундан 28 йил олдин ўғирлаб кетилган автомобиль ажиб моделни сотиб олган коллекционер ёрдамида топишга муваффақ бўлинган, деб хабар беради Motor.
Кэрол Ричардс Holden Torana’ни 1973 йилда сотиб олган. Аёл купедан ҳар куни фойдаланган, шунингдек, у ҳаваскорлар пойгасида ҳам иштирок этган. 1992 йилда пушти ранг Torana аёлнинг уйи қаршисидан ўғирлаб кетилган. Шундан буён автомобиль ҳақида бирор маълумот бўлмаган.
Полиция илк ашёвий далилларни 2016 йилга келибгина топа бошлаган. Маҳаллий идора ходимлари автомобиль ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳни ушлашга муваффақ бўлган. Улар ўғирланган барча моделларнинг рақамларини ўзгартириб, сохта ҳужжатлар билан сотган. Holden Torana ҳам шу каби фирибгарлик «қурбони бўлган».
Орадан узоқ йиллар ўтгач, пушти ранг купени австралиялик коллекционер харид қилган. Шундан сўнг, эркак ҳужжатлардаги хатоликни пайқаб қолиб, зудлик билан полицияга мурожаат қилган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари 50 ёшли гумонланувчини қўлга олган. У икки йиллик қамоқ жазоси ҳукм этилган ва 390 минг доллар миқдорида жаримага тортилган.
Пушти ранг Holden Torana эса орадан 28 йил ўтиб, ҳозирда 74 ёшни қаршилаган эгасига қайтарилган. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, купе 90 минг долларга баҳоланган. Кэрол Ричард машинасини ҳеч қачон сотмаслигини маълум қилган.
Аввалроқ АҚШда 32 йил олдин ўғирлаб кетилган Chevrolet Camaro кўл остидан топилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)