Бутун дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 42 миллион кишидан ошди. Бу ҳақда касаллик тарқалишини реал вақтда кузатиб келаётган Жонс Ҳопкинс университети маълумотларида келтирилган.

Фото: Reuters

Маълумотларга кўра, касалликка чалиниш ҳолатлари бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда — мамлакатда 8,47 миллион одамда COVID-19 тасдиқланган. Ҳиндистон 7,76 миллион кўрсаткич билан 2-ўринда кетаётган бўлса, 3-ўринда Бразилия — 5,32 миллион кишида коронавирус аниқланган. Ундан кейинги поғоналардан Россия (1,48 миллион) ва Франция (1,08 миллион) ўрин олган.

Шунингдек, университет маълумотларига кўра, дунёда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 1 143 399 кишига етган бўлиб, уларнинг 223,8 минг нафари АҚШ ҳисобига тўғри келмоқда. Бундан ташқари, Бразилияда 155,9 минг бемор, Ҳиндистонда — 117,3 минг, Мексикада — 87,4 минг, Буюк Британияда эса — 44,6 минг бемор COVID-19 қурбонига айланган.

Маълумот учун, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 5 октябрь куни 35 миллиондан, 11 октябрь куни 37 миллион, 14 октябрь куни 38 миллион, 19 октябрь куни 40 миллион, 22 октябрь куни эса 41 миллион кишидан ошганди.

Аввалроқ ЖССТ раҳбари пандемиянинг жуда қийин ойлари яқинлашаётганидан огоҳлантирган эди.