Алексей Навальний Россиядан ташқарига чиқиши учун тақиқ ёки чекловлари йўқлиги, Германияга даволанишга бориши учун шахсан Путиннинг санкциясини олишга зарурат бўлмаганлигини маълум қилди.
Сиёсатчи Россия президенти Навальнийнинг даволанишига шароит яратиш мақсадида хорижга чиқариш учун топшириқ берганлиги ҳақида айтган гапларига шундай жавоб берди.
Навальний Instagram’даги саҳифасида ўзининг «Новичок» билан заҳарланиши Путиннинг буюртмаси асосида бажарилган, деб ҳисоблашини қайд этган.
«Хорижга чиқишга чекловлар қўйилгани жуда кулгили. Мен хорижга чиқиш паспортига эгаман. Европа судини айнан шунинг учун ҳам ютиб чиққанман. «Фахрийнинг ҳақоратлангани» юзасидан очилган ишда мендан хорижга чиқмаслик учун тилхат олишга уринишган, бироқ моддада озодликни чеклаш назарда тутилмаган. Тилхатни эса ёзиб бермаганман, англаганингиздек Новосибирскдан Томскга ўз хоҳишим билан кетаётгандим. Ҳеч ким менга чеклов қўймаган.
Айтилган гаплардан шуни билдимки, тахминим тўғри чиқмоқда, айнан Путин — ушбу суиқасднинг буюртмачиси. У кимёвий қурол белгиларини яшириш учун мени ташқарига олиб чиқишни тақиқлаган. Менинг транспортда олиб кетишга яроқсиз деб топилишим шифокорларнинг эмас, балки унинг иродасига боғлиқ. Орадан икки ой вақт ўтди, бироқ ҳали ҳам жиноят иши очилгани йўқ — бу ҳам Путиннинг буйруғи. Ҳар қандай жиноятчи каби у ҳам ашёвий далилларни йўқ қилмоқда», – деган Навальний.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков августда Путиннинг Алексей Навальнийни Омскдан Берлинга етказиш бўйича музокараларда иштирок этмаганини маълум қилганди.
22 октябрда Путин Бош прокуратурага шахсан мурожаат қилиб, Навальнийни хорижга чиқаришни сўрагани ҳақида гапирган. Ушбу баёнотдан кейин Песков Путиннинг бош прокуратура билан Навальнийнинг хорижга чиқиш ҳуқуқи масаласини муҳокама қилганини айтган ва беморнинг Берлинда даволаниши юзасидан рухсатнома шифокорлар томонидан берилганига аниқлик киритган.
Изоҳ (0)