Саудия Арабистони ҳукумати етти ой ичида биринчи марта Маккадаги Ал-Ҳаром масжидида намоз ўқилишига рухсат берди, у март ойида коронавирус пандемияси туфайли ёпилган эди. Бу ҳақда Al Arabia телеканалига таяниб, «РБК» хабар бермоқда.

Фото: AP Photo

Телеканал маълумотларига кўра, масжид маҳаллий фуқаролар ва мамлакатда яшаётган чет элликлар учун очилган.

Маккадаги Ал-Ҳаром масжиди ва Мадинадаги Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар масжиди масалалари бўйича бош бошқарма кичик ҳаж — Умра зиёратини амалга оширишнинг иккинчи босқичи бошланганини маълум қилди, у икки ҳафта давом этиб, ўтказиш қобилиятини 75 фоиз — тахминан 55 минг кишигача оширишни кўзда тутади.

Аввалроқ Саудия Арабистони октябрь ойидан бошлаб мамлакатда яшовчи аҳолиси учун Умра зиёратини амалга оширишга рухсат берган эди.

Эслатиб ўтамиз, март ойи ўрталарида Саудия Арабистони подшоҳлигида жамоат намозлари вақтинча тўхтатилган ва фақат иккита — Макка ҳамда Мадинадаги масжидда жамоат бўлиб намоз ўқишга рухсат берилганди. Бироқ кейинчалик коронавирус тарқалиши хавфи сабаб Ал-Ҳаром ва Набавий Масжидда ҳам намоз ўқиш тўхтатилган. 23 март куни Саудия Арабистонида комендантлик соати жорий этилган, 24 март куни мамлакатда коронавирус билан боғлиқ биринчи ўлим ҳолати қайд этилган. Шунингдек, мамлакатда аҳоли ҳамда хорижлик зиёратчилар учун Умра зиёратини амалга ошириш тадбирлари ҳам номаълум муддатга қолдирилганди.

7 апрелда Саудия Арабистони Рамазон ойида масжидларни очишни режалаштирмаётгани айтилган, 13 апрель куни Рамазон ойида Саудия Арабистонида таровеҳ намозлари уйда ўқилиши ҳақида фатво берилгани хабар қилинган, кейинчалик шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида таровеҳ намозларини уйда ўқиш тавсия қилинди. 18 апрель куни Тожикистонда масжидлар яна ёпилгани, жума ва таровеҳ намозлари масжидларда ўқилмаслиги, ушбу чоралар коронавируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида амалга оширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Саудия Арабистонида комендантлик соати 21 июндан бекор қилинган, бироқ шунга қарамай, кўплаб чекловлар ўз кучида қолган.