«Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис наманганликлар клуби билан амалдаги шартномани бекор қилди, дея хабар қилмоқда «Матч-ТВ».
Манбада таъкидланишича, россиялик мутахассисга тўрт ойдан бери маошнинг тўланмагани бунга сабаб бўлган. Канчельскис 2018 йилдан буён «Навбаҳор»ни бошқариб келаётганди.
Мураббий билан бирга «Навбаҳор»ни россиялик футболчи Павел Голишев ҳам тарк этган.
Хабарда келтиришича, Канчельскис Россиянинг иккинчи дивизиони клублари таклифини ўрганиб чиқишга тайёр.
«Championat.asia»га кўра, мутахассис «Навбаҳор» устидан ФИФАга шикоят хати ёзмоқчи. Аввалроқ наманганликлар клубида ишлаган Алексей Беленков ҳам маошини тўлиқ ололмагани сабаб ФИФА арз қилган, натижада «Навбаҳор»га ташкилот томонидан 520 минг евро миқдоридаги жарима қўйилган эди.
Ҳозирча наманганликлар матбуот хизмати бу борада ҳеч қандай маълумот бергани йўқ. Айни дамда жамоа машғулотларига ёрдамчи мураббий Нўмон Ҳасанов бошчилик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов «Навбаҳор» клубида стратегия ўзгариши ва жамоа эътиборини маҳаллий футболчиларга қаратишини маълум қилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)