«Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду ва америкалик модель Кэтрин Майорга ўртасидаги можаро давом этади.
Аввалроқ Майорга португалиялик футболчи устидан яна судга шикоят қилгани хабар қилинганди. У 2009 йилда Лас-Вегасдаги меҳмонхонада футболчи томонидан жинсий зўравонликка учрагани боис 165 минг фунт миқдорида компенсация талаб қилмоқда.
Модель 2010 йилда Роналду вакиллари билан келишувга эришган ва 375 минг доллар эвазига ушбу маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилмаслик бўйича шартнома имзолаган. Америкалик судья Женнифер Дорси Майорганинг кўрсатмаларини тинглашини ва жабрланувчи Роналдунинг вакиллари билан келишган вақтида ўз қилмишига жавоб бера оладиган ҳолатда бўлган ёки бўлмагани юзасидан қарор қабул қилишини маълум қилди.
Судьянинг қайд этишича, ўша вақтда Майорганинг руҳий ҳолати қандай бўлгани, шунингдек, томонлар ўртасида мазкур келишув ҳақиқатда бўлган ёки бўлмаганига ойдинлик киритиш лозим.
Ҳозирча Майорга ва Роналдуга судда иштирок этиш мажбуриятини юклаш масаласи очиқ қолмоқда. Судья томонларга тайёргарлик кўриш учун ноябрь охиригача вақт берган.
Эслатиб ўтамиз, Майорга 2018 йилда ҳам Роналдуни жинсий зўравонликда айблаган, бироқ мазкур иш Роналдунинг фойдасига ҳал бўлган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)