Оғир вазн тоифасида ҳаракат қиладиган UFC жангчиси Бенжамин Сосоли 22 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Австралиялик яккакурашчи Мелбурндаги барларнинг бирида 2019 йилнинг сентябрида жанжалга аралашиб қолганди. The Sun’нинг хабар қилишича, Сосоли барда қўриқчи бўлиб ишлаган.
Спортчи маст ҳолатдаги мижоз билан тортишиб қолади. Натижада Сосоли мижозга мушт туширади, у эса ҳушини йўқотади. Шифокорлар жабрланувчига чағ синиши ташхисини қўяди.
Суд Сосолини вазиятга тўғри баҳо бермаганликда айбдор деб топди ва унга 22 ойлик қамоқ жазоси белгилади. Таъкидланишича, Сосоли жазонинг 11 ойини ўташга улгурган.
Бен Сосоли UFC’даги сўнгги жангини 2020 йилнинг 23 февралида Маркос Рожериога қарши ўтказган ва унда биринчи раунддаёқ нокаутга учраганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)