Самарқанд вилоятида COVID-19 инфекциясидан даволанаётган беморлар статистикаси ўн баравар камайтириб кўрсатилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 6 октябрь куни агентликда ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Акмал Бурҳонов.

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

Бурҳоновнинг сўзларига кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг сарфланиши бўйича энг кўп мурожаат келиб тушаётган ҳудудлардан бири ҳисобланган Самарқанд вилоятида ўрганиш ўтказган. Бунда вилоятда коронавирус статистикаси нотўғри юритилаётгани борасидаги мурожаатлар ҳам кўриб чиқилган.

Статистика масаласига келсак, унинг нотўғри эканини ҳамма айтяпти. 5 октябрь соат 23:30 ҳолатига кўра Самарқанд вилоятида 2160 кишида коронавирус қайд этилган, 2017 нафари соғайган. Яъни, 6 октябрь ҳолатига 143 киши касал, дейилган. Биздаги маълумотлар бўйича эса бугунги кунда Самарқандда шифохоналарда даволанаётган беморлар сони 1155 нафар. 10 баравар қисқартириб кўрсатишнинг нима кераги бор?

Бу балки коррупция эмасдир, аммо сабабини биз ўрганишимиз керак. Яна бир бор айтаман -- бу Самарқанд вилояти мисолидаги ҳолат. Ҳамма вилоятларда шу аҳволлигини аниқ айта олишим мумкин.

Акмал Бурҳонов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори

Аввалроқ «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати коронавирус бўйича ҳақиқий статистикани яширмасликка чақирган эди. Ҳаракат вакиллари агар шу кеча-кундузда Ўзбекистонда 3 мингга яқин коронавирусга чалинган бемор бўлса, у ҳолда «нега ҳали ҳам шифохоналарда жой етишмаётгани ҳақида хабарлар келмоқда ва зудлик билан янги жойлар ташкил этилмоқда?», дея савол қўйган эди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) расмийлари давлат коронавирус статистикасига доир маълумотларни яшириш ёки уларни бузиб кўрсатишдан манфаатдор эмаслигини мунтазам таъкидлаб келади. Шунга қарамай, ССВ томонидан юритилаётган статистика шубҳали ва ишончга сазовор эмаслиги ҳақида «Дарё» бир неча бор чиқиш қилган.

Хусусан, Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган ўнлаб беморлар касаллик қайд этилганидан атиги 2-3 кун ўтиб «соғайиб чиқа бошлагани», ўқитувчилар орасида қайд этилаётган касалланиш ҳолатлари расмий статистикага киритилмаётгани ҳақида хабар берилган эди. Вазирлик 22 сентябрдан буён коронавирус оқибатида вафот этганларнинг ёши, жинси, яшаш жойига оид маълумотларни эълон қилмаяпти (бу маълумотлар нега махфийлаштирилгани юзасидан бирор изоҳ берилмаган).