Ижтимоий тамоқларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тўйдаги меҳмонлардан бири осмонга қарата тўппончадан ўқ узаётгани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур видеодаги ҳолат бўйича маълумот берди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан мазкур видео ўрганилди, видеодаги одамларнинг, хусусан, ўқ узган кишининг шахси аниқланган.

Ўқ узган киши — Тошкент вилоятида яшовчи, 25 ёшли Улуғбек Солиҳов эканлиги маълум бўлган. Унинг сўзларига кўра, у қариндоши бўлмиш куёвга тўй куни куёвжўралик қилган.

19 сентябрь куни куёв ва унинг дўстлари Чилонзор туманига, келиннинг уйига борганда, Улуғбек кейинчалик «қизиқарли ролик» тайёрлаш учун бозордан сотиб олинган ўйинчоқ пластмасс тўппончани осмонга кўтарган. Шу лаҳзалар видеооператорлар томонидан тасвирга туширилган.

4 октябрь куни кечқурун Улуғбекнинг ўзи видеони монтаж қилиб, ўқ узиш товушларини қўшган ва видеони Instagram’даги саҳифасига жойлаган. Кейинчалик у мазкур видеони интернетда тарқатган.