Жуда қизғин кечаётган октябрь ойининг биринчи ҳафтаси ҳам ниҳоясига етди. Одатга кўра, мазкур ҳафтада дунёда юз берган воқеа-ҳодисалар дайжестини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Океан ортидаги дебат
АҚШда 29 сентябрь куни мамлакат президентлигига номзодларнинг биринчи дебати бўлиб ўтди. Дебат бир ярим соат давом этди ва ҳар бирининг давомийлиги 15 дақиқа бўлган олти қисмдан иборат бўлди. Тадбирга Fox News телеканали журналисти Крис Уоллес бошловчилик қилди. Дебат бошланишидан олдин амалдаги президент Дональд Трамп ва демократлар номзоди Жо Байден коронавирус пандемияси сабабли анъанага қарши равишда қўл бериб кўришмади. Дебатнинг асосий мавзулари иқтисодиёт, коронавирус ва АҚШдаги ирқчилик билан боғлиқ норозиликлар бўлди.Коронавирус. Байден АҚШ коронавирус билан касалланганлар ва унинг қурбонлари сони бўйича дунёда етакчи экани учун жавобгарликни Трампга юклади ҳамда президентда пандемия вақтида ҳаракат қилиш бўйича аниқ режа бўлмаганини айтди. Бунга жавобан Трампнинг айтишича, агар Байден президент бўлганида АҚШнинг 200 минг эмас, балки икки миллион аҳолиси касалликдан ўлган бўларди. Трамп инфекцияга қарши курашиш учун чегараларни ўз вақтида ёпганига ишонч билдирди.
Иқтисодиёт. Трампнинг маълум қилишича, у коронавирус пайдо бўлишидан олдин АҚШ тарихидаги энг муваффақиятли иқтисодиётни қурган ва ҳозирги кунда бу иқтисодиёт пандемиядан кейин тез суръатлар билан тикланмоқда. Ўз навбатида, Байденнинг айтишича, инқироздан фақат у (Трамп) каби миллионер ва миллиардерлар фойда кўрди, ўрта қатламнинг иши эса анча ёмон кетмоқда.
Ирқчилик билан боғлиқ норозиликлар. Байден Трампни ҳарбийлар ёрдамида тинч намойишчиларни бостирганликда айблади. Байденнинг эслатишича, президент ултраўнглар ва уларга қарши бўлганлар ўртасидаги тўқнашувлар ҳақида фикр билдирганда «икки томонда ҳам яхши одамлар бор эди», деди. Байденнинг тўғридан-тўғри таклифига жавобан Трамп оқ супремасистларни қоралашдан бош тортди, норозиликлар вақтидаги зўравонлик учун жавобгарликни эса чап радикалларга юклади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мазкур дебатдан кейин мамлакатда дебат ўтказиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.
Дональд ва Мелания Трампларда коронавирус
АҚШ президенти Дональд Трамп ва турмуш ўртоғи Мелания Трампда коронавирус аниқланди. Бу ҳақда президент ўзининг Twitter’ида ёзган. «Бугун биринчи хоним ва мен COVID-19’га топширган тест мусбат натижа кўрсатди. Биз дарҳол карантинга олинамиз ва даволанишни бошлаймиз. Биз бундан биргаликда ўтамиз!», дейди Трамп.Аввалроқ COVID-19 президент маслаҳатчиси Ҳоуп Хиксда аниқлангани маълум бўлган эди. У Трампга Кливленд ва Миннесотадаги сайловолди сафарларида ҳамроҳлик қилганди. Кейинроқ унинг аҳволи ҳақида маълумот ҳам берилди. «Оқ уйнинг расмий вакили Трампнинг аҳволини коронавируснинг ‘кучсиз белгиларига’ эга деб тавсифлади. Президентнинг ёрдамчилари жума куни унинг халққа мурожаат қилишини таъминлаш учун йўл изламоқда, эрталаб бу ҳақда қарор қабул қилинмаганди», дея таъкидлаган CNN телеканали.
Дональд Трампнинг COVID-19 билан касаллангани ҳақидаги хабар дунё фонд бозорларида тебранишларни юзага келтириши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Financial Times’нинг қўшимча қилишича, Трамп ўзининг касаллангани ҳақида хабар берганидан кейин АҚШнинг S&P 500 биржаси индекси 0,4 фоизга пасайди, Nasdaq Composite’да эса Apple, Tesla ва Microsoft акцияларининг пасайиши сабабли 1,5 фоизлик тушиш кузатилди.
Талабнинг тикланиши борасидаги хавотирлар сабабли пасайган нефть нархлари 2 октябрь куни янада тушди. Шимолий денгизнинг Brent нефти 2,8 фоизга арзонлашиб, бир баррелнинг нархи 39,78 долларни ташкил қилди. АҚШ бозоридаги кўрсаткичлардан ташқари, 2 октябрь куни Австралия ва Япониядаги биржа индексларида ҳам пасайиш кузатилди. Thorpe Abbotts Capital компанияси раҳбари Жефф Хенриксеннинг айтишича, Трамп ҳақидаги хабар «COVID-19’ни инвесторлар диққат марказига қайтаради», шунингдек, 2020 йилнинг ноябрида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайлови атрофидаги мавжуд сиёсий ноаниқликларни кучайтиради.
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин коронавирусга чалинган АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Меланияга мактуб юборди. Унда Ким Чен Ин Америка раҳбари тезроқ тузалишини тилади. Хабар матни 2 октябрь куни Корея марказий телеграф агентлиги томонидан эълон қилинди. «Менга сиз ва турмуш ўртоғингизда коронавирус аниқлангани тўғрисида кутилмаган хабар келди. Сиз ва сизнинг оилангизга ҳамдардлик мактубини йўлламоқдаман. Сиз ва турмуш ўртоғингизга чин қалбимдан тезроқ соғайишингизни тилаб қоламан», дейилади хабарда. Шунингдек, Ким Чен Ин Трамп, албатта, соғайиб кетишига ишонч билдирди.
Коронавирусдан янги рақамлар
Мавзудан узоқлашмаган ҳолда навбатни коронавирус билан боғлиқ охирги хабарларга берсак. Ҳафта давомида касаллик яна авж ола бошлади. Жумладан, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Буюк Британия, Украина ва Россияда касалликка чалинишнинг янги ҳолатлари ва рекордлар аниқланмоқда.Буюк Британиянинг Френсис Крик институти янги коронавирус инфекцияси инсон организмига яхшироқ кириши учун 10 та турли шаклга трансформация қилиши мумкинлиги ҳақидаги маълум қилди. Институт ходимлари COVID-19 тиканлари ўзгариши ва янада ёпишқоқ бўлишини аниқлади. Улар ёрдамида коронавирус инсон ҳужайраларининг ташқи қисмида жойлашган ACE2 оқсилига яхшироқ ёпишади. Бундан ташқари, коронавирус тиканлари ёрдамида организмга киради.
«Бу аксарият вирус оқсилларига қараганда вирус рецепторлари ва соғлом ҳужайранинг ўзаро боғланишининг жуда мураккаб жараёнидир. Грипп ва ОИВда активлаштириш жараёни нисбатан оддийроқ кечади», дейди тадқиқот муаллифларидан бири, университет лабораторияси тадқиқотчиси Дональд Бентон. Бундан ташқари, тадқиқот давомида инглиз олимлари COVID-19 лабораторияда тиканларини бир дақиқада ўзгартиришини, бироқ бу жараён ҳаётда секинроқ кечишини аниқлади.
Чехияда эса 5 октябрдан бошлаб коронавирус туфайли фавқулодда ҳолат режими жорий қилинди. Режим мамлакатда 30 кун давомида амал қилади. Бу даврда 20 дан ортиқ одам иштирокидаги тадбирларни ўтказиш тақиқланади, спорт тадбирларида томошабинлар сони чекланади ва мактаблар масофавий ўқитиш тизимига ўтказилади.
Чехия Европада биринчилардан бўлиб коронавирус эпидемияси туфайли чегараларини ёпган эди. Чехия ҳукумати чет элликларнинг киришини ва фуқароларнинг чиқиб кетишини март ойининг ўрталарида — мамлакатда COVID-19 касаллигининг 117 та ҳолати қайд этилганда тақиқлади.
Ҳафта давомида Украинада касалликка чалиниши борасида қаторасига тўрт марта антирекорд янгиланди. 2 октябрь давомида 4 661 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан мамлакатда кетма-кет тўртинчи кун рекорд даражада коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. Кун давомида 92 нафар украиналик коронавирус оқибатида вафот этди. Бу касаллик қурбонлари сони мамлакатда жами 4 353 кишини ташкил қилмоқда. Қайд этилишича, Украинада 1 октябрь куни 4 633 та коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган.
Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, мамлакатда ҳаммаси бўлиб 222 322 кишида касаллик тасдиқланди. Уларнинг 98 737 нафари касалликдан фориғ бўлди. Францияда эса ўткан суткада 16 972 киши коронавирусга чалиниб, кунлик касалланиш бўйича рекорд янгиланди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига бўйсунувчи Santé Publique France агентлиги маълум қилди. Унда қайд этилишича, мамлакатда эпидемия бошланганидан буён коронавирус аниқланганлар сони 606 625 кишини ташкил қилди.
Аввалроқ иқтисодиёт соҳасидаги Альфред Нобель мукофоти номзодлари Эстер Дюфло ва Абхижит Банержи Франция расмийлари католикларнинг Рождество байрамидан олдин бутун мамлакат бўйлаб ўзини изоляция қилиш режимини жорий қилишлари кераклигини айтди. Иқтисодчиларнинг фикрига кўра, байрамдан олдин чекловлар жорий этиш иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади, аммо қариялар ва сурункали касалликларга эга кексаларни байрамдан кейин касалхонага ёткизишга тўғри келса, ундан ҳам каттароқ харажатларнинг олдини олиш мумкин.
Мамлакатда кунлик касалланиш бўйича аввалги антирекорд 24 сентябрь куни қайд этилди, шу куни 16 096 кишида COVID-19 аниқланди. Ҳозирга келиб, касаллик бўйича ҳолатларни онлайн кузатиб борувчи covidvisualizer.com сайтининг маълумотларига кўра, бутун дунёда касалликни юқтириб олганлар сони 35,3 миллионни ташкил қилмоқда. Шундан бир миллиондан ортқи киши вафот этган бўлса, 26,2 миллиондан ортиқ бемор соғайди. Ҳозирда бутун дунёда саккиз миллионга яқин бемор даволанмоқда.
Қорабоғда нима гап?
Мана бир ҳафтадирки, Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ мухтор вилоятида сепаратист арманлар ва Озарбайжон ҳарбийлари ўртасида жанглар давом этмоқда. Урушда Арманистон расман Қорабоғдаги сепаратист арманларга ҳарбий ёрдам бермоқда. Вазиятга халқаро ҳамжамият томонидан турлича баҳо берилмоқда. Айрим давлатлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирмоқда. Туркия, Покистон ва Афғонистон Озарбайжон тарафида эканини айтмоқда. Туркия эса зарурат бўлганда, Озарбайжонга ҳар қандай ёрдам беришга тайёрлигини ва сўнгига қадар унинг ёнида эканини билдирмоқда.Урушда нафақат ҳарбийлар, балки тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлмоқда. Жумладан, 27 сентябрдан 3 октябрга қадар Арманистон ҳарбийларининг ҳужуми оқибатида 19 нафар озарбайжонлик тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди.
4 октябрь кунги ҳужумлар оқибатида эса Озарбайжоннинг учта шаҳри — Ганжи, Тартера ва Горадизада Арманистон ҳужуми оқибатида 22 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, 74 киши жароҳатланди, деб хабар берди Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги. Аввал Қорабоғ армияси Ганжидаги ҳарбий аэродром ҳаво ҳужумига учраганини маълум қилганди. Бокуда ҳарбий объект ҳаво зарбасини қабул қилиб олмагани, балки фуқаролик инфратузилмасига зарар етгани билдирилган эди. Ереван ушбу ҳужумларда иштироки борлигини инкор этмоқда.
«Арманистоннинг ҳаводан фуқароларга, фуқаролик объектларига атайин йўллаган зарбалари халқаро ҳуқуқ, жумладан, халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларининг қўпол равишда бузилганини англатади. Тинч аҳолига Арманистон қуролли кучлари томонидан бу каби ҳужумларнинг давом этиши ва айбсиз одамларнинг қурбон бўлиши Арманистоннинг тажовузкор сиёсат олиб бораётганидан дарак бермоқда», дейилади Озарбайжон ТИВ хабарида.
Шунингдек, 4 октябрь куни мустақиллиги тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси қўшини Озарбайжон ҳарбий ҳаво кучларининг учта самолётини уриб туширгани ва иккита танкини йўқ қилганини хабар қилган эди. Ушбу маълумотни Арманистон Мудофаа вазирлигининг матбуот котиби Шушан Степанян расман тасдиқлади. Боку эса ўзи томонидан йўқотишлар бўлгани ҳақидаги ушбу ахборотларни тасдиқламаган эди.
«Соат тахминан 12:00 да жанубий йўналишдаги Арцах қўшини рақибнинг учта самолётини уриб туширган ва иккита танкини йўқ қилган», деб ёзган Степанян Facebook’даги саҳифасида. Жанглар давом этаётган бир пайтда, ОАВда ҳам ахборий ўзига хос жанглар бўлмоқда. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг ахборот маркази жанговар ҳаракатлар бошланган 27 сентябрдан 1 октябргача Озарбайжоннинг йўқотишлари ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, Озарбайжон Қуролли кучларининг 1 280 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди, 2 700 нафар аскар яраланди. Озарбайжоннинг 90 та учувчисиз учиш қурилмаси, 12 та вертолёти, 181 танк ва ҳарбий пиёда машинаси, учта «ТОС» оғир ўқотар тизими, иккита «Смеч» тизими, тўртта самолёти йўқ қилинди.
Аввалроқ Арманистон ҳукумати Озарбайжоннинг икки самолёти уриб туширилганини маълум қилганди. 30 сентябрь куни Озарбайжон Қорабоғда Арманистоннинг икки мингдан ортиқ аскари ўлдирилгани ва яраланганини маълум қилганди. Ереван эса бу Бокунинг бир кунлик йўқотишлари деб жавоб қайтарган. Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғга туташ ҳудуд ҳисобланувчи Мадагиз қишлоғини назорати остига олди. Бу ҳақда мамлакат президенти Илҳом Алиев маълум қилган. «Бугун Озарбайжон қўшини Мадагизга мамлакат байроғини ўрнатди. Мадагиз энди бизники», деб ёзди Алиев Twitter’да.
Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги уруш давом этмоқда.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)