Арманистон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Туркия Ҳарбий ҳаво кучларининг F-16 қирувчи самолёти Арманистоннинг Су-25 самолётини уриб туширган. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: EADaily

Хабар қилинишича, ҳодиса оқибатида самолёт учувчиси ҳалок бўлган. Ҳодиса юз берган вақтда F-16 қирувчиси Арманистон ҳаво ҳудудида, чегарадан 60 километр масофада бўлган.

Туркия президенти маъмурияти ва Озарбайжон Мудофаа вазирлиги томонидан маълум қилинишича, Туркия қирувчиси Арманистон самолётини уриб туширмаган.

Туркия 27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғдаги жанглар бошланганидан кейин Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. 29 сентябрь куни Анқара иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш учун барча чораларни, жумладан ҳарбий чораларни кўришга тайёрлигини расман эълон қилди.

Арманистон 28 сентябрь куни Озарбайжон томонида ёлланма ҳарбийлар жанг қилаётганини ва Туркиянинг ҳарбий техникаси ва қуролларидан фойдаланаётганини маълум қилди. Анқара ва Боку бу маълумотни рад этди.

Аввалроқ расмий Ереван Озарбайжон Арманистондаги ҳарбий қисмга зарба берганини маълум қилганди.