Россияда катта эҳтимол билан икки ёки уч ҳафтадан кейин коронавирус билан касалланиш яна янги чўққига чиқади. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар марказининг статистика ва моделлаштириш бўйича мутахассиси Агаси Тавадян маълум қилди.
«Бизнинг моделимиз учта эҳтимолий сценарийни аниқлади. Энг яхши ҳолатда касалланиш ва ўлим даражаси бир ҳафтада пасайишни бошлайди», — деб қўшимча қилган у. Учинчи энг ёмон вариантга кўра, пандемия чўққиси ноябрь ойи бошларига тўғри келади.
Россияда сўнгги икки ҳафтадан буён COVID-19 билан касалланишнинг кунлик кўрсаткичи юқори бўлмоқда. Куни кеча, июнь ойидан буён илк бор мамлакатда кунлик касалланишлар сони 8 минг кишидан ортиқ бўлди. Бунда ҳудудлар бўйича энг кўп беморлар қайд этилаётган Москванинг ўзида сутка давомида 2217 та ҳолат аниқланган бўлиб, сўнгги тўрт ойдаги қарийб рекорд кўрсаткич.
Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда 1 159 573 киши коронавирусга чалинган.
Соғлиқни сақлаш вазирининг ёрдамчиси Алексей Кузнецовнинг айтишича, COVID-19 билан касалланган беморлар учун мўлжалланган койка фонди 89 фоизга тўлган. Унинг айтишича, ҳозирда пандемиянинг ўтган йилги авж олишида ташкил этилган койкаларнинг ҳаммасидан ҳам фойдаланилмаяпти. Жойларнинг бир қисми оддий беморлар учун берилган, зарур бўлганда яна қайтариб олиниши мумкин.
«Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попова Россияда касалланишнинг ортишини йилнинг совуқ мавсуми бошлангани билан боғлаган. Шунингдек, бунга таъсир қилувчи омиллар қаторига фуқароларнинг таътилдан ва ишга қайтганлигини киритган.
Аввалроқ Попова халқ орасида хавфсизлик чораларига эътибор бермаслик, эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашувининг сабабларидан бири деб атаган. «Одамлар талабларга риоя қилмаяпти», — деган «Роспотребнадзор» раҳбари.
Аввалроқ Россияда COVID-19 билан касалланиш «плато» босқичига чиқиши прогноз қилинганди.
Изоҳ (0)