Бундан 77 йил олдин – 1943 йил сентябрида Шарқий Европанинг энг йирик ва муҳим шаҳарларидан бири бўлмиш Вильнюсда яшовчи яҳудийлар фашистлар томонидан қирғин қилинди. Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли эпизодларидан бўлмиш ушбу фожиа баъзан Холокостнинг бошланиши деб баҳоланади. «Дарё» сана муносабати билан ушбу воқеаларни эсга олади.

Икки жаҳон уруши ўртасидаги даврда – 1920 йилда Вильнюснинг Польшага қўшилиши унинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатганига қарамай, шаҳар яҳудийлар ижтимоий-маданий ҳаётининг халқаро маркази эди. Сиёсий фаоллик ҳам ўсди. Масалан, сионистлар фаолияти кенг миқёсда тарқалди. 1919 йилда шаҳарда ҳалуциан ҳаракати ташкил этилди, унда ёшлар Фаластинда қишлоқ хўжалиги ишлари учун ўқитилди. 1920 йилда Вильнюсда «Ҳа-шомер ҳа-саир» ёшлар ҳаракати, 1925 йилда «Бейтар» ёшлар тафтиш ҳаракати ташкил этилди.

Фото: Google Photos

Урушдан олдин

Вильнюсда яҳудийлар маданий ҳаётининг ривожланиши шундан далолат берадики, 1940 йилгача шаҳарда ўттизга яқин яҳудийча газета нашр этилган эди. Уларнинг асосийлари – «Ди Цайт», «Вилнер Тог», «Овнткурьер», «Вилнер Радио» – Варшаванинг энг йирик газеталари билан рақобатлашди. Бу даврда Вильнюсда бошланғич, ўрта ва касб-ҳунар мактаблари, шунингдек, ўқитиш яҳудий ва иброний тилларида олиб бориладиган педагогика институтлари мавжуд эди.

Шуни таъкидлаш керакки, вақт ўтиши билан яҳудий жамиятида иброний тилига қизиқиш пасайиб кетди, яҳудий маданияти эса қайта тикланиш даврини бошдан кечирди. Театрларда деярли барча спектакллар яҳудий тилида эди. «Вилнер труппаси» театри, айниқса, шуҳрат қозонди. Ўша даврдаги адабий давралар яҳудий дунёсига Моше Кулбак, Авраам Суцкевер, Хайм Граде, Шмерке Качергинский ва бошқа ёзувчи ва шоирларни берди.

1925 йилда яҳудийлар илмий институте – «IVO» нинг ташкил этилиши Вильнюсда яҳудий маданияти ривожланишининг энг юқори нуқтаси бўлди. Бундай илмий марказни яратиш зарурлиги яҳудий олимлари ва жамоат арбоблари ўртасида 1925 йилда Берлинда бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинган эди. Қизиғи шундаки, институт йирик университетлар ва кутубхоналарга яқин бўлган Варшава, Берлин, Париж ёки Нью-Йорк каби йирик шаҳарларда эмас, балки Вильнюсда ташкил этилган эди.

Урушнинг бошланиши, мустақиллик ва Совет ҳокимияти даврлари

1939 йил августда «Молотов-Риббентроп пакти» номи билан машҳур Совет-Германия шартномаси имзоланди. Унинг таркибига «Ўзаро савдони кенгайтириш тўғрисида битим», «Ҳужум қилмаслик тўғрисидаги битим», шунингдек, СССР ва Германиянинг Шарқий Европада таъсир доираларини белгилайдиган махфий протокол киритилган эди. Иккинчи жаҳон уруши бошлангандан ва Польша бўлиниб бўлганидан сўнг ғарбий Украина ва ғарбий Белоруссия Совет Иттифоқига берилди. 1939 йил октябрда Вильнюс Литвага ўтди ва шаҳар Польшадан келган кўплаб яҳудий қочқинлари билан тўлиб тошди. Улар орасида турли сиёсий оқимларнинг раҳбарлари ҳам бор эди.

1940 йил июнгача бўлган саккиз ойлик қисқа вақт умид даври эди. Кўпчилик Вильнюс мустақил Литванинг пойтахти бўлишига ва яҳудийларнинг Фаластинга эркин ҳижрат қилишларига умид қилди. Илгари рақобатлашган ва бир-биридан мустақил фаолият юритган ташкилотлар ҳамкорлик қила бошлади.

Шу билан бирга, Вильнюсда сионист ёшлар ташкилотлари раҳбарияти Германия томонидан босиб олинган Польшага қайтиши кераклиги тўғрисида расмий қарор қабул қилинди. Улар орасида «Дрор ҳа-Ҳалутс» аъзолари Мордехай Тененбаум (кейинчалик Белосток геттосидаги қўзғолон етакчиси), Фрумка Плотницка (Бендзин геттосидаги қўзғолоннинг келажакдаги раҳбарларидан бири), «Ха-шомер ха-Цаир» аъзолари Мордахай Анелевич, Жозеф Каплан ва Шмуэл Браславлар (кейинчалик Варшава геттоси қўзғолони раҳбарлари) бор эди.

Фото: «Yadshavem.org»

1940 йил июнь ойида Совет қўшинлари Вильнюсга кириб, Литва СССРга қўшилди. Яҳудийларнинг ушбу ҳодисага муносабати икки тарафлама эди. Бир томондан, Совет ҳукумати даврида яҳудийларнинг миллий ва сиёсий фаолияти таъқиб қилиниши аниқ эди. Бироқ бошқа томондан, Совет Иттифоқи фашистлар Германияси шаклидаги янада даҳшатли хавфдан нажотлироқ туюларди. Дарҳақиқат, «тепки ва тарсаки ўртасида қолиб кетган» кўплаб яҳудийлар Совет экспансияси кўринишидаги «кичик ёвузликни» афзал кўрган ва шу сабабли Совет ҳокимияти ўрнатилишини мамнуният билан қабул қилган эди.

Иқтисодиёт ва жамиятнинг советлаштирилиши жадал суръатларда амалга оширилди. Банклар, саноат корхоналари ва ерлар давлат ихтиёрига ўтказилди, жамғарма депозитлари музлатилди. Албатта, бу ўзгаришлар яҳудийларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатди. Бошқа томондан эса уларга давлат аппарати ва сиёсий тузилмаларида хизмат қилиш имконияти очилди.

Совет ҳукумати буржуазия вакиллари ва сиёсий фаолларни СССРга депортация қилди, улар орасида яҳудийлар ҳам, литваликлар ҳам бор эди. Барча ҳудудларда коммунистик партиядан ташқари барча сиёсий ва жамоат ташкилотлари тақиқланди. Ушбу тақиқ яҳудий жамоаларига ҳам таъсир кўрсатди –ибодатхоналардан ташқари бирон бир яҳудий ташкилоти қолмади.

Яҳудий жамоаларига реаксион омил сифатида қаралди. Қўшилган ҳудудларда яҳудийларнинг собиқ таълим тизими йўқ қилинди, яҳудийларнинг таълим муассасалари ўрнига Халқ таълими комиссарлигига бўйсунадиган давлат мактаблари ташкил қилинди. Бироқ барча қийинчиликларга қарамай, бу ерда яҳудийлар таълим тизими мавжуд эди, Совет Иттифоқига қўшилган дастлабки ҳудудларида у аллақачон йўқ қилинганди.

Совет ҳукумати кутубхона жавонларидан «ғоявий жиҳатдан изчил бўлмаган» барча нарсаларни, шу жумладан, сионистик ва диний адабиётларни олиб ташлади. Яҳудийларнинг илгари нашр этилган барча газеталари тақиқланди ва уларнинг ўрнига янгилари пайдо бўлди, масалан, «Вилнер Эмес» – улар Совет режими учун оғзаки нутқ вазифасини ўтади.

Ушбу газеталарда СССРдан ташқаридаги яҳудийларнинг ҳаёти, шу жумладан, Германияда яҳудийларнинг таъқиб қилиниши тўғрисидаги маълумотлар нашр этилмади, чунки «Молотов-Риббентроп шартномаси» тузилгандан кейинги совет сиёсати «антигерман пропагандаси»га йўл қўёлмасди. Театр яҳудий маданиятининг деярли ягона рухсат этилган соҳаси бўлиб қолди. Совет ҳукумати театрлар фаолиятини рағбатлантирди ва улардан коммунистик таълим воситаси сифатида фойдаланди.

Фото: «Yadshavem.org»

Немис истилоси

1941 йил 24 июнда немислар Вильнюсни эгаллади. Бу пайтда шаҳарда 60 мингга яқин яҳудий бор эди. Ишғолнинг дастлабки кунларида минглаб яҳудийлар Литва миллатчилари фаол иштирок этган жазо ҳаракатларида ўлдирилди. Экаклар кўчада ушланиб, «Лукишки» қамоқхонасига олиб кетилди ва у ердан Понарига (Панерея ўрмони) олиб борилиб, отиб ташланди.

Истилонинг дастлабки кунларида яҳудийларнинг пиёдалар йўлакчасида юришини, яҳудий бўлмаган дўконлардан озиқ-овқат сотиб олишини тақиқлаш тўғрисидаги буйруқ чиқарилди. 1941 йил 4 июлда немисларнинг буйруғи билан ўн кишилик Юденрат (яҳудий кенгаши) тузилди, унинг бошлиғи Шауэл Троцкий эди. Юденрат мунтазам равишда Германия ҳукуматидан одамларни иш билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар олди. Яҳудийларнинг «қурилиш учун» тахта кўтариб юришлари одатий кўринишга айланди. Уларнинг кўплари ҳеч қачон уйларига қайтмаган – Понарида отиб ташланганди. Август ойининг бошларида у ерда беш мингга яқин яҳудий эркак ўлдирилган эди. 31 август куни Вильнюсда яҳудийларнинг биринчи оммавий қирғинлари бўлиб ўтди.

Унинг расмий баҳонаси яҳудийларни немис аскарларига ўқ узганликда айблаш эди. Кечаси яҳудийлар маҳалласи ҳимоя отряди (CC) бўлинмалари ва литваликлар томонидан қуршовга олинди ва бу ерда яшовчи барча яҳудийлар Лукишки қамоқхонасига олиб кетилди. Юденрат аъзоларининг аксарияти ҳибсга олинди. Кейин маҳбусларни Понарига олиб боришди ва отиб ташлашди: тахминан 3 700 нафар яҳудий эркаклар, аёллар ва болалар ўлдирилди. Уларнинг фақат бир нечтаси омон қолди.

Геттонинг ташкил этилиши ва ундаги ҳаёт

Сентябрь ойининг бошларида Вильнюсда гетто ташкил қилинди, у икки қисмдан иборат эди – немис кўчаси билан ажратилган Катта ва Кичик геттолар. Геттоларнинг биринчисида тахминан 30 минг, иккинчисида тахминан 11 минг яҳудий бор эди. Катта гетто Юденратининг бошлиғи Анатол Фрид, кичигининг бошлиғи Айзик Лейбович эди. Шунингдек, немисларнинг буйруғи билан Якоб Генс бошчилигидаги яҳудий полицияси ҳам ташкил этилди. (The Search for Major Plagge. The Search for Major Plagge The Search for Major Plagge.)

Яҳудийлар, бир томондан, даҳшатли қийин ҳаёт шароитларини бошдан кечирган ҳолда, бошқа томондан, геттога кўчириш уларни немислар ва литвалик зўровонлар томонидан содир этилган ҳаракатлар, қотилликлардан халос қилади деб умид қилди. Аммо бу умидлар амалга ошмади. Кейинги бир неча ой ичида Понарида минглаб яҳудийлар ўлдирилди. 1941 йил 21 октябргача Кичик Геттодаги деярли барча аҳоли ўлдирилди ва 2 500 «фойдали» яҳудий Катта Геттога кўчирилди.

«Фойдали бўлмаган» яҳудийларни йўқ қилиш учун нацистлар «шайна» – меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар тақдим этиш тизимини йўлга қўйди. Бундай сертификатга эга бўлмаганлар ўлишга маҳкум эди. Шундай қилиб, 1941 йил октябрь ойининг бошларида «Сариқ шайна» ҳаракатида саккиз мингга яқин яҳудий ўлдирилди. Сариқ «шайна» эгаси унинг ҳимояси остига хотини ва икки боласини киритиш ҳуқуқига эга эди. Қолганлар, махсус тайёрланган бошпаналарда яширинишга муваффақ бўлганлар бундан мустасно, Понарида отиб ташланди.

Фото: «Yadshavem.org»

1941 йил охирига келиб, шаҳарнинг урушгача бўлган яҳудий аҳолисининг ярмидан кўпи – 33 500 Вильнюс яҳудийси ўлдирилди.1942 йил бошидан 1943 йил баҳоригача нисбатан тинчлик даври бўлган, оммавий қирғин ҳаракатлари амалга оширилмади. Юденрат гетто аҳолисини максимал даражада немисларга фойда келтирадиган иш билан таъминлашга ва шу билан уларни қутқаришга ҳаракат қилди. Аксарият яҳудийлар гетто ташқарисида ёки гетто ичидаги устахоналарда ишлаган. Геттода касалхона ҳам бор эди.

1942 йил 15 июлда немислар яҳудий полицияси бошлиғи Якоб Генсни Юденрат раиси этиб тайинлади. Кейинчалик Юденрат бекор қилинди ва Генс геттонинг ягона вакили бўлди. Зиёлилар орасида Генсни яҳудий полициясининг акцияларда иштирок этишига рози бўлгани учун хоин деб билганлар кўп бўлди. Аммо Генснинг хатти-ҳаракатлари иложи борича кўпроқ яҳудийларни қутқариш учун самимий истакка асосланган деб ишонувчилар ҳам бор эди.

Геттодаги маданий ҳаёт

Тинчлик пайтида яҳудийлар геттода бой маданий ва ижтимоий ҳаёт яратишга муваффақ бўлишди. Геттода оркестр, иккита хор, мусиқа мактаби, иккита бошланғич мактаб ва битта ўрта мактаб бор эди. Ҳатто шундай қийин даврда ҳам бу ерда сиёсий тортишувлар давом этди ва болалар боғчалари очилганда қайси тилда – яҳудий ёки иброний тилида ўқитиш кераклиги тўғрисида мунозаралар бўлиб ўтди.

Страшун кўчасидаги олтинчи рақамли уй кутубхона, ўқиш зали, архив, статистика бўлими ва музейни ўзичига олганлиги сабабли геттонинг маданият уйи деб номланган. Гетто ташкил этилган кундан бошлаб архивлар ва музейда минглаб ҳужжатлар тўпланди: полиция буйруқлари, билдиришномалари, Понаридан қочиб қутулишга муваффақ бўлганларнинг кўрсатмалари. Статистика бўлими гетто ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тўплади ва таҳлил қилди ва уларни ҳисоботлар ва жадваллар шаклида нашр этди. Театр гетто ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллади ва ўз фаолияти давомида 150 га яқин спектаклларни намойиш этди.

Қаршилик

Геттодаги яширин ёшлар ҳаракати деярли мавжудлигининг бошиданоқ фаол бўлган. 1942 йил охирига келиб махфий ташкилот фаолияти қуролли қаршилик хусусиятига эга бўлди. Геттода иккита махфий ташкилот тузилди: Итсхак Витенберг бошчилигидаги Бирлашган Партизан Ташкилоти (FPO) ва Еҳиэл Шеинобойм гуруҳи. Тененбаум Вильнюсдан Белосток геттосига кўчиб ўтди ва у ерда қаршилик ҳаракатига раҳбарлик қилди ва қўзғолон ташкилотчиларидан бирига айланди.

Фото: «Yadshavem.org»

Вена фуқароси ва Вермахт офицери Антон Шмид Тененбаум ва Вильнюс геттосининг бошқа маҳбусларини Белостокка кўчиришда ёрдам берди. Яҳудийларнинг позициясини юракдан қабул қилиб, Шмид гетто аҳолисига сохта ҳужжатларни олишда ёрдам берди, яҳудийларни ўз хонадони ва бошқа бошпаналарда яширди ва уларни хавфсиз жойларга олиб борди. Шмид Вильнюс геттосидан 350 кишини олиб чиқишга муваффақ бўлди. 1942 йил январда у давлатга хиёнат қилганликда айбланиб ҳибсга олинди ва отиб ташланди.

FPO таркибида 350га яқин жангчи бор эди. «Дрор» ёшлар ташкилоти аъзоларини ўз ичига олган Еҳиэл Шеинобойм гуруҳи 200 га яқин жангчидан ташкил топган эди. Икки ташкилотнинг қарашлари бир-биридан фарқ қилди. FPO раҳбарлари гетто яҳудийларини қўзғолонга чорлаш керак, деб ишонди. Шеинобойм гуруҳидагилар эса қўзғолон яҳудийларни қутқара олмайди деб ҳисоблади ва ўрмонларга кириб, партизанларга қўшилишни таклиф қилди.

Вильнюс геттоси фаоллари фашистлар яҳудийларни халқ сифатида йўқ қилишни хоҳлайди ва яҳудийларнинг Вильнюсдаги фожиаси яҳудийларни йўқ қилиш умумий режасининг бир қисми бўлган деган хулосага келди. 1942 йил 1 январдан бошлаб махфий газеталар яҳудийларни қаршилик кўрсатишга чақиришни бошлади. Ушбу ёндашув Юденратнинг позициясига тубдан зид эди, чунки омон қолиш учун, аксинча, имкон қадар тинч, немислар учун иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлиш ва вақтдан ютиш керак эди.

1943 йил 16 июлда Германия хавфсизлик полицияси геттода яширин коммунистик партия кенгашининг икки аъзосини ҳибсга олди. Улардан бири сўроқ пайтида Витенбергга хиёнат қилди, шундан кейин фашистлар гетто раҳбариятидан уни экстрадиция қилишни талаб қилди. Геттони йўқ қилиш таҳдиди остида Ицхак Витенберг таслим бўлишга мажбур бўлди, шундан кейин Абба Ковнер FPO қўмондони бўлди.

1 сентябрда яҳудийларни Эстониядаги концентрацион лагерларга депортация қилиш ҳаракати бошланди, Гестапо ва Литва полицияси геттога кирди. FPO қўзғолонга чақирувчи варақаларни тарқатди. Бироқ гетто маҳбуслари бу чақириққа умуман жавоб бермади. Немис бўлинмалари геттога кириб, Страшун кўчасидаги 15-сонли бинони ўраб олди ва у ерда яширинганларни таслим бўлишга чақирди.

Беркинганлар таслим бўлмагач, немислар уйни портлатди. Бунга жавобан геттодаги иккинчи махфий гуруҳ етакчиси Еҳиэл Шейнбоймнинг бир взводи 12-сонли уйдан немисларга қарата ўқ узди. Кейинги жангда Шейнбоймнинг ўзи ва бир нечта одамлари ўлдирилди. Қолганлар яширинишга мажбур бўлди. Вильнюс геттосида қўзғолон кўтариш учун сўнгги уриниш шу тарзда муваффақиятсиз тугади.

Фото: «Yadshavem.org»

Геттонинг йўқ қилиниши

1943 йил 21 июнда Гиммлер Остланд геттосидаги «меҳнатга яроқли» яҳудийларни концентрацион лагерларга тўплаш ва «кераксиз» яҳудийларни йўқ қилиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Бунинг ортидан яна иккита йирик Литва геттолари Каунас ва Шауляй концентрацион лагерларга айлантирилди. Вильнюс геттоси немислар томонидан қаршилик ва партизан ҳаракати уяси сифатида қабул қилинди ва шу сабабли бутунлай йўқ қилинишга маҳкум бўлди.

Вильнюс геттосининг тугатилиши 1943 йилнинг 23–24 сентябрь кунларига тўғри келди. 4 мингдан ортиқ болалар, аёллар ва қариялар Собибор ўлим лагерига депортация қилинди, 3 700 яҳудий Эстония ва Латвиядаги лагерларга жўнатилди, Понарида юзлаб болалар, аёллар ва қариялар отиб ташланди. Вильнюс озод қилинишидан ўн кун олдин Понарида маҳаллий меҳнат лагерлари яҳудийлари отиб ташланди. 150–200 киши қочишга муваффақ бўлди. Вильнюс 1944 йил 13 июлда озод қилинди. Шаҳарнинг урушгача бўлган яҳудий аҳолисидан атиги икки мингдан уч минг кишигача омон қолди.

Дилбар Исматуллаева тайёрлади.