АҚШ президенти Дональд Трамп президентлик сайловларида мағлубиятга учрагудек бўлса, ҳокимиятни Демократлар партиясидан бўлган рақиби Жо Байденга тинч йўл топширмайди. Америка етакчиси бу ҳақда Оқ уйда ўтказилган матбуот анжумани вақтида маълум қилди, деб хабар беради CNBC.

Фото: AP Photo

«Кўрамиз, нима бўлар экан. Мен овоз бериш жараёнидан жуда ҳам норози эканлигимни биласиз, бу фалокат», — дейди Трамп. CNBC’нинг аниқлик киритишича, президент почта орқали овоз беришни назарда тутмоқда.

«Почта орқали овоз беришдан бош тортинг ва барчаси тинч бўлади. Тўғрисини айтганда, ҳокимиятни топшириш бўлмайди, бу давом этади», — дейди Америка президенти.

Трампнинг ҳисоблашича, почта орқали овоз бериш — у ютқазиши мумкин бўлган ягона вариант, «чунки демократлар алдайди, талайди ва ўғрилик қилади».

Аввалроқ Трамп президентлик сайловида Байден ғалаба қозонса, АҚШда инқилоб бўлишини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда президентлик сайловлари 2020 йилнинг 3 ноябрида бўлиб ўтади.

Республикачилар партияси 24 август куни президентлик ва вице-президентликка номзод сифатида Дональд Трамп ва Майкл Пенсни кўрсатган. Демократлар партияси эса АҚШ президенти сифатида Жо Байден, вице-президент сифатида Калифорния сенатори Камала Харрис номзодини илгари сурган.