Тошкент вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Турғун Камолов коронавирус асоратлари оқибатида вафот этди. Бош прокуратура матбуот хизмати Камолов COVID-19 билан оғриганини «Дарё»га тасдиқлади.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

«Турғун Камолов 1966 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, оилали, уч нафар фарзанди бор. 1995 йилдан буён прокуратура органларида хизмат қилиб келган. 2020 йилдан бошлаб Тошкент вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

«Бош прокуратура жамоаси Турғун Камоловнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 341 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича Турғун Камолов ўлимидан сўнг мамлакатда коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 353 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани прокурори Ойбек Хўжаев коронавирус асоратлари оқибатида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.

Аввал ҳам Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратураси бўлим бошлиғи Ҳакимбай Халимов,  Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этгани хабар қилинган. Бироқ ССВ шу вақтга қадар мазкур фақат Ойбек Хўжаевнинг ўлимини сабабини тасдиқлаган, қолган ўлим ҳолатларини эса расмий статистикага қўшмай келмоқда.