АОКА ҳузуридаги штабда ташкил қилинган брифингда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова санитария талабларига жавоб бермайдиган мактаблар ўқишни масофавий тарзда олиб боришини маълум қилди.
«Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан бирор мактаб санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди деб топилса, ушбу мактабда анъанавий таълим бошланишига йўл қўйилмайди. Ўқувчиларнинг таълим олиши масофавий тарзда амалга оширилади» — деган вазирлик ахборот хизматининг раҳбари.
Лайло Рустамова қандай ҳолатларда мактабларнинг карантинга ёпилиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот берган.
«Битта синфда таълим олувчи 3 нафар ўқувчида коронавирус аниқланган тақдирда синф Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан карантинга олинади ва мактабда дезинфекция тадбирлари амалга оширилади.
Жами синфлар сонидан ёки ўқитувчи-ходимларнинг умумий сонидан 10 фоизида коронавирусга тест натижалари ижобий натижани кўрсатган тақдирда мактаб карантинга олинади», — деган Лайло Рустамова.
Аввал Халқ таълими вазирлиги интернетда пандемия шароитида мактаб фаолиятини ташкиллаштириш учун ўқитувчилардан талаб этилаётган турли санитария-гигиена воситалари акс этган рўйхатлар тарқалганига муносабат билдириб, мактабларга дезинфекция воситалари ўқитувчилар томонидан эмас, маҳаллий ҳокимликлар томонидан етказиб берилишини билдирганди.
Изоҳ (0)