Қозоғистоннинг Атирау вилоятида икки нафар номаълум шахс Ўзбекистон фуқаросини ўғирлаб кетиб, унга нисбатан зўравонлик қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берган.
Қайд этилишича, гаровдаги одам маълум вақт ўтгач, 500 минг тенге (қарийб 1200 АҚШ доллари) миқдорида пул олиб келиш шарти билан қўйиб юборилган.
Жабрланувчи зудлик билан вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идораларининг навбатчи қисмига ариза билан мурожаат қилган. Гумонланувчилар полиция ва миллий хавфсизлик департаменти ходимларининг қўшма тезкор тадбири давомида ушланган.
Иккала гумонланувчининг шахси аниқланган: улардан бири 1983 йилда Атирауда туғилган, унинг шериги эса 1979 йилда Жилиой туманида туғилган ва шу ерда яшаб келаётган фуқаролар бўлган.
Айбланувчилардан бири муқаддам судланган фуқаро бўлиб чиқди ва у ҳозирда тергов изоляторига жойлаштирилган. Бошқа бир гумондорга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Департамент ахборот хизматининг маълум қилишича, айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан судга қадар тергов жараёни давом этмоқда. Гумонланувчиларнинг диний оқимга алоқадорлиги юзасидан ҳам маълумотлар ўрганилмоқда.
Изоҳ (0)