«Брешия» клуби ярим ҳимоячиси Сандро Тонали фаолиятини «Милан»да давом эттиради, дея хабар қилмоқда италиялик журналист Жанлука ди Марцио.
«Милан» футболчини 15 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан 10 миллион еврога ижарага олади. Тоналининг «Милан»даги натижаларига қараб «Брешия» яна 10 миллион еврогача ишлаб олиши мумкин. Бундан ташқари «Брешия» Тоналининг кейинги трансферидан 10% улушга ҳам эга бўлади.
Таъкидланишича, шартномага кўра, «Милан» Сандрони ижара якунида сотиб олиш мажбуриятини олмайди. Бироқ ижарага тўланадиган катта миқдордаги пулдан келиб чиқилса, миланликларнинг мақсади уни сотиб олиш экани ойдинлашади.
Тоналига «Ювентус» ва «Интер» каби жамоалардан ҳам қизиқиш бор эди.
«Янги Пирло» лақабини олган ўйинчи «Брешия» тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2017 йилда бош жамоада дебют қилганди. А Серия 2019/20 йилги мавсумида 20 ёшли футболчи 35 та ўйин ўтказиб, битта гол муаллифига айланди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)