Тошкент вилоятида 2019 йилнинг декабридан 2019 йилнинг сентябрига қадар А.Д. исмли шахснинг ишончига кириб, уни аввал 1 миллард 700 миллион сўм, кейинчалик А.А. исмли фуқародан 500 миллион сўм олган ҳамда пулни қайтармаган З.Д. ва Ё.Т. қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берган.
30 ёшли З.Д. ва 50 ёшли Ё.Т. ўзларини МЧЖнинг раҳбарлари сифатида таништириб 42 ёшли А.Д.га минерал ўғит баҳоси арзон бўлган вақтда сотиб олиб, сўнг баҳоси қимматлашган вақтда сотиш орқали фойда кўришни таклиф этган.
Икковлон Оҳангарон тумани ҳудудида ундан 1 миллиард 700 миллион сўм ва 44 ёшли А.А.дан 500 миллион сўм миқдоридаги пулларни алдаш йўли билан қўлга киритиб, шу кунга қадар қайтариб бермаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
З.Д. ва Ё.Т. гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Аввал Тошкент вилоятидаги 12 миллиард сўмлик таъмирлаш ишларини олиб бериш учун тадбиркордан 60 минг доллар талаб қилган шахс ушлангани, Андижон вилояти Асака туманидаги «Шарқ ҳақиқати» массиви раҳбари Ш.А. ер ажратиб беришни ваъда қилиб, фуқародан 15 минг АҚШ доллари олаётганда қўлга тушгани, Бухорода фуқароларнинг салкам 500 миллион сўмлик қорамолларини алдов йўли билан қўлга киритиб, сотиб юборган шахс фош бўлгани ҳақида хабарлар берилган.
Изоҳ (0)