Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги сафарбарлик чақируви резерви баталёнида янги барпо этилган 250 ўринли аскарлар ётоқхонаси ҳамда бир вақтнинг ўзида 490 кишига хизмат кўрсатадиган санитар тизим бинолари ҳамда иситиш тизими фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ўтказилган тантанали тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Шовот туман ҳокими Ҳакимжон Отахонов, туман «Нуроний» жамғармаси раиси Қадамбой Мацапаев, қурувчилар ҳамда ҳарбийлар иштирок этган.
«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли, ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли кучлар сафига муддатли ҳарбий хизматга чақирилмаган шахслар Сафарбарлик чақируви резервига олинади.
Сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган чақирилувчилар олинади ва улар махсус ҳисоб рақамга пул бадалини тўлаганларидан сўнг ойлик ҳарбий йиғинларга жалб этилади. Ойлик йиғинни ўтаб, қасамёд қабул қилганларга ҳарбий гувоҳнома берилади.
Аввал Қорақалпоғистонда ҳарбийлар учун қурилган янги уйлар фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)