Ўзбекистонда 21 август соат 23:30 дан 22 август соат 23:00 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 458 та ҳолат қайд этилди. Бу август ойидаги энг паст кўрсаткичлар орасида иккинчи натижадир. Бир кун аввал 381 кишида коронавирус аниқланиб, 1,5 ой ичидаги энг паст кўрсаткич қайд этилганди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 38532 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 267, «Дарё» ҳисоби бўйича 276 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 458 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 269 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 129 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 21 нафар;
  • Наманган вилоятида — 17 нафар;
  • Сурхондарё вилоятида — 8 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 5 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 4 нафар;
  • Андижон вилоятида — 3 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 1 нафар;
  • Жиззах вилоятида — 1 нафар.

Кун давомида 10 та ҳудудда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилди. 14 августдан сўнг касаллик қайд этилган ҳудудлар бир кунда 10 тага етмаётганди.

Тошкент шаҳрида 269 кишида коронавирус қайд этилди. Август ойида иккинчи марта бир кунда аниқланган касалланганлар сони 300 нафарга етмади. Август ойида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (21 август) 227 кишида, энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилди. Август ойида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 8792 та янги ҳолат аниқланди. Тошкент шаҳрида аниқланган касалланиш ҳолатлари 23472 тага етди. Бу 151 та ҳолат билан энг кам касалланиш ҳолати қайд этилган ҳудуд бўлиб турган Жиззах вилоятида аниқланган беморлар сонидан 155 баравар кўп деганидир.

Тошкент вилоятида 129 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда бир ойдан бери — 23 июлдан бошлаб ҳар куни касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда, 26 июлдан бери эса ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда (икки марта 200 тадан ҳам ошди). Август ойининг 22 куни ичида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 3566 кишига кўпайди. Вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 57 фоизи айнан августга тўғри келди.

Самарқанд вилоятида 21 кишида коронавирус қайд этилди. Охирги 13 кун ичида Самарқандда фақат 20 август куни коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилмади. Самарқанд учун август ойи энг кўп касалланиш ҳолатлари қайд этилган ой бўлди. 22 кун ичида вилоятда 651 кишида касаллик аниқланди. Бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 41 фоизига тенг.

Наманган вилоятида 17 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда август ойининг 14 кунида янги ҳолатлар рўйхатга олинди ва бу кунларда жами 142 кишида коронавирус қайд этилди. Бу Наманган вилоятидаги барча касалланиш ҳолатларининг 16 фоизига тенг деганидир.

Сурхондарё вилоятида 8 кишида COVID-19 қайд этилди. Август ойида вилоятда фақат 78 кишида касаллик қайд этилди. Бу Сурхондарёдаги жами касалланиш ҳолатларининг 13 фоизига тенгдир. Сурхондарёда коронавирусга чалинганлар орасида вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳам бор эди. Бир ой давом этган даволанишлардан сўнг Боболов буткул соғайиб, 16 август куни Тошкентдан Сурхондарёга қайтди. Тўра Боболов коронавирусга чалинган вилоят ҳокимлари орасида касалликдан тузалган биринчиси бўлди.

Фарғона вилоятида 5 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда охирги вақтларда фақат жуфт кунларда янги ҳолатлар рўйхатга олинмоқда — 14, 16, 18, 20 ва 22 август кунларида COVID-19 қайд этилди. Бу кунларнинг биронтасида касалланганлар сони 5 нафардан ошмади. Август ойида Фарғонада 68 кишида коронавирус аниқланди. Умумий касалланганлар сони 319 нафарни ташкил этмоқда, бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 0,8 фоизига тенг деганидир.

Қашқадарё вилоятида 4 кишида коронавирус қайд этилди. Август ойининг 14 кунида вилоятда янги ҳолатлар рўйхатга олинди, бу кунларда жами 204 кишида коронавирус аниқланди.

Андижон вилоятида 3 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда охирги 37 кун ичида (17 июлдан бери) фақат 3 марта — 25 июль8 август ва 15 август кунлари янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаган. Андижонда деярли ҳар куни COVID-19’га чалинганлар аниқланаётган бўлса-да, жорий ҳафта давомида кунлик касалланганлар сони 5 нафардан ошмади. Август ойида вилоятда 171 кишида коронавирус қайд этилди. Касалликка чалинганларнинг умумий сони 1166 нафарга етди.

Қорақалпоғистон Республикасида 1 кишида коронавирус аниқланди. Республикада август ойида 86 кишида COVID-19 қайд этилди, бу Қорақалпоғистондаги жами касалланиш ҳолатларининг 19 фоизига тенгдир.

Жиззах вилоятида август ойида фақатгина 3 кунда янги ҳолатлар рўйхатга олинди — 10 август куни 7 кишида, 20 август куни 3 кишида ва 22 август куни 1 кишида коронавирус аниқланди. Жиззах коронавирус энг кам қайд этилган ҳудуд бўлса-да, ўлим кўрсаткичи энг юқори ҳудуд бўлиб турибди. Бу ерда COVID-19’га чалинганларнинг қарийб 4 фоизи, бошқача айтганда, коронавирус бўлган ҳар 25 бемордан 1 нафари вафот этган.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 7 нафар бемор коронавирус асоратларидан вафот этганини маълум қилди. Улар орасида Бухоро вилояти раҳбари Карим Камолов ҳам бор. ССВ илк марта бир кунда 7 бемор вафот этгани ҳақида ахборот бермоқда.

Биринчи ўлим. Мирзо Улуғбек туманида яшаган 75 ёшли У.Х. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Шайхонтоҳур туманида яшаган 36 ёшли Ф.А. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 65 ёшида вафот этди. Унда 25 июль куни коронавирус аниқланганди. 29 июлдан бери эса Тошкент шаҳрида даволанаётганди.

Карим Камолов.

Фото: «Дарё»

Тўртинчи ўлим. Зангиота туманидаги кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасида даволанган фарғоналик 59 ёшли Ф.Т. исмли аёл вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшаган 29 ёшли Б.Л. исмли эркак вафот этган.

Олтинчи ўлим. Юнусобод туманида яшаган 78 ёшли Р.А. исмли эркак вафот этган.

Еттинчи ўлим. Юнусобод туманида яшаган 67 ёшли Р.А. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 267 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 276 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3689 нафар бемордан 259 нафари оғир, 116 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 373 нафарни ташкил этаётганди, энди эса 375 нафарга етди. Бу орада эса ССВ 7 беморнинг вафот этганини хабар қилди. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 10,2 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

22 август куни Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудида 587 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Август ойида 20 марта соғайганлар сони кунлик касалланиш кўрсаткичидан юқори бўлмоқда.

Янги тузалганларнинг

  • 386 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 165 нафари Тошкент вилоятида;
  • 26 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 6 нафари Андижон вилоятида;
  • 4 нафари Фарғона вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 38532 нафар бемордан 34576 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 89 фоизни ташкил этмоқда. Бир кун аввал ҳам даволаниш кўрсаткичи 89 фоиз бўлганди. Бу энг юқори натижа ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 3689 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 29 июль куни беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 6 июль кунидаги беморлар сонига (ўша куни 3635 нафар бемор даволанаётганди) яқинлашиб қолди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2809 нафар. Фарғонада 6, Жиззахда 8, Навоийда 10, Хоразмда 17, Қашқадарёда 24, Қорақалпоғистонда 21, Сурхондарёда 30, Сирдарёда 29, Андижонда 33, Бухорода 42, Наманганда 71, Самарқандда 113 ва Тошкент вилоятида 476 нафар бемор қолди.